English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сувдан оқилона фойдаланиш ҳар биримизнинг бурчимиздир
16:41 / 2023-09-20

Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан ҳар соҳада сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Сирдарё вилоятида сувни тежаш мақсадида бугунги кунгача 2494 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш тизимларини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Бугунга қадар 1656 гектар майдонда қурилиш ишлари тўлиқ якунланди.

– Йил сайин сувга бўлган эҳтиёж ортгани туфайли уни тежаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар янгилик эмас. Сувни тежовчи технологияларнинг кенг қўлланилиши эса, келажакда қурғоқчиликнинг олдини олишга хизмат қилади, – дейди Қуйи Сирдарё ИТҲБ Сувдан фойдаланиш бўлими бошлиғи Илҳом Солибоев. – Бу тизимнинг давлат даражасида қўллаб-қувватланиши ҳам бежиз эмас. Даласига сув тежовчи технологияларни ўрнатган фермерларга ҳар бир гектар майдон учун маълум миқдорда субсидиялар, имтиёзли кредитлар берилмоқда.

Бугунги кунда вилоятдаги боғ ва токзорларга томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш бўйича 528 гектар майдонда қурилиш ишлари бошланиб, 493 гектарда ниҳоясига етказилди. Янги суғориш технологиясини 1500 гектар майдонда жорий этиш режалаштирилган.

Жорий йилда режа қилинган 30 минг гектар ерларни лазерли текислаш ишлари 14 минг гектар майдонда амалга оширилди.

Жумладан, Оқолтин туманида 37 минг гектар суғориладиган ерлар мавжуд бўлиб, ушбу майдонларда кластерлар  фаолият олиб боради. Туманда сувни иқтисод қилиш учун 527 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиш ишлари бошланган ва 12 нафар фермер даласининг 280 гектар майдонида ушбу тизим жорий қилинди. Мавжуд 533 километр суғориш тармоғининг бетон қопламаси 225 километр, лотоклар 245 километр, ер ариқлар 64 километрни ташкил қилади. Ушбу 64 километр ер ариқларини ҳам босқичма босқич бетон ариққа алмаштириш ишлари давом этмоқда.

Ҳозир “Сувомборқурилиш” бош пудратчи томонидан фермерлар даласидан ўтган хўжаликлараро ариқларнинг 20 километрдан ошиқроқ қисмини бетонлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

– Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа 2022 йилда бошланган. Лойиҳа 2024 йил якунига етади, – дейди бошқарма бошлиғи Шавкат Исроилов. – “Бунинг учун давлат бюджетидан 12,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Лойиҳа якунига етгач, 1260 гектар суғориладиган экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланиб, сув сарфини икки баробарга иқтисод қилиш имконига эга бўлинади.

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири