Сирдарё вилоятида O‘zLiDeP вилоят Кенгаши ташаббуси билан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, жамоатчилик ва мутахассислар иштирокида жамоатчилик эшитуви ташкил этилди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимова ҳам иштирок этди.
Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари Ҳавза бошқармаси раҳбари Нуркамол Атақулов 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди. Таъкидланишича, мазкур даврда 76,7 километр ирригация тармоқлари реконструкция қилингани натижасида 9,8 минг гектар ерда сув таъминоти яхшиланди. Шу билан бирга, 1500 километр ички ариқ бетонлаштирилиб, сувдан фойдаланиш самарадорлиги 18 фоизга ошган.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида 28,1 минг гектар майдонда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, лазерли текислаш, эгатларга плёнка ёйиш каби замонавий агротехник усуллар жорий этилган. Натижада сув сарфи сезиларли даражада камайтирилган.
Шунингдек, “Ақлли сув” қурилмалари, рақамли мониторинг тизимлари ҳамда “Suv hisobi” ахборот платформаси орқали сув ҳисобини юритиш амалиёти кенг йўлга қўйилаётгани маълум қилинди.

Жамоатчилик эшитувида сўзга чиққан депутат Гавҳар Олимова ҳудудда амалга оширилаётган ирригация ислоҳотларини юқори баҳолаб, уларнинг сув тежаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш ҳамда фермерлар юкини енгиллаштиришдаги аҳамиятини таъкидлаб ўтди.
– Президентимиз томонидан сув ресурсларини тежаш, сувдан оқилона ва адолатли фойдаланишга қаратилган қонунчилик ташаббуслари ҳудудларда амалиётга жорий этилаётгани муҳим натижадир, – деди Гавҳар Олимова.

– Бу борада Сирдарёда амалга оширилаётган ишлар янада жадаллаштирилиши, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва ундан самарали фойдаланиш масаласига жиддий аҳамият қаратиш лозим. Чунки Сирдарё вилоятидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёсининг суви туганмас манба эмас. Иқлим ўзгариши оқибатида сув захирасига таҳдид тобора кучаймоқда. Келгусида бу глобал муаммоларни келтириб чиқариш эҳтимоли бор. Демак, муаммога у юзага келганидан сўнг эмас, айнан бугундан бошлаб тайёргарлик кўришимиз зарур деб ҳисоблайман.

Тадбирда Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси масъуллари ҳам иштирок этиб, солиқ тушумларини ошириш, тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, рақамли солиқ хизматларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.
Жамоатчилик эшитуви якунида иштирокчилар томонидан долзарб масалалар бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири