Сувдан оқилона фойдаланишнинг энг муҳим омили, бу – истеъмол тартибига қатъий амал қилишдир.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзагроинспекция» ахборот хизмати раҳбари Холида Шодиева иштирокида брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг ноябрь ойига қадар «Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби»га риоя этилишини таъминлаш бўйича белгиланган тартибда ўтказилган назорат тадбирлари давомида 22 708 та ҳолатда тартиб бузилиши ҳолатлари аниқланган.
Шундан энг кўп 8 763 та ҳолатда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидалари бузилган бўлса, қолган тартиб бузарликлар сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ва бошқа турдаги ишларни ўзбошимчалик билан бажарганликни ташкил этмоқда.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, 658 та ҳолатда сув истеъмолчилари томонидан лимитдан ортиқча сув олиш ҳолатлари аниқланган. 61 та вазиятда сувдан махсус рухсатномасиз фойдаланганлик ҳолатлари кузатилган. Мазкур камчиликлар инспекция томонидан тўлиқ бартараф этилган.
Шунингдек, Агроинспекция ваколати доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 4 971 та маъмурий ва 3 478 та молиявий жарима санкциялари қўлланилган. 2 минг 171 та ҳолатда тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига киритилган.
2022 йилнинг ёзги суғориш мавсуми учун сув олиш лимитлари ҳар бир фойдаланувчи ва истеъмолчига тақсимланиб, етказилиши назорати натижасида 76 637та сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича шартномалар тузилишига эришилган.
Сув етказиб берувчи ташкилотлар ҳисобидаги 618 та сувни бошқариш воситалари, 611 та сув ўлчаш воситалари таъмирланиши, фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан ишлатилаётган суғориш тармоқларидаги 1 101 та сув олиш жойлари сувни бошқариш, 1 529 та сув олиш жойлари сув ўлчаш воситалари билан жиҳозланган.
Экин майдонларини кўллатиб суғориб, сув исрофгарчилигига йўл қўйиш, истеъмол тартибини бузиш ҳолатлари аниқланиб, камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилган. 3 минг 696 та ҳолатда сув тежовчи технологиялар ўрнатилган майдонларда мазкур технологиядан фойдаланмасдан, қишлоқ хўжалиги экинларини анъанавий суғоришга йўл қўйилишининг олди олинган. Берилган аниқ кўрсатмалар ва амалий чоралар натижасида жами 15 минг 185 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув исроф бўлишига йўл қўйилмади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА