Бу йилги шароитда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тақчиллигини юмшатиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Аммо шунга қарамай, бу неъматни исроф қилиш, ундан хўжасизларча фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилояти бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан 2021 йил 9 июль куни сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув ресурслари таъминоти, сув истеъмоли қоидаларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида 19 та қонунбузилиши ҳолати аниқланди.

Хусусан, Ургут туманида 5 та, Пастдарғом туманида 3 та, Пайариқ, Самарқанд, Жомбой ва Иштихон туманиларида 2 тадан, Булунғур, Нуробод, Нарпай, Пахтачи ва Оқдарё туманларида 1 та ҳолат қайд этилди. Агроинспекция вилоят бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, аниқланган ҳолатлар юзасидан 5 та маъмурий ва молиявий чоралар кўрилиб, 2 та ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар, қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди. Сувдан фойдаланувчилар ва сув хўжалиги ходимлари томонидан етказиб берилган сувни исроф қилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида тегишли соҳалар раҳбарларига 4 та ёзма кўрсатма ва тақдимнома киритилди, 8 та огоҳлантириш берилди.
ЎзА