Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини (қоидаларини) бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш фоизи миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Маъмурий жарима билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо чораси қўлланган ҳолларда, Вазирлар Махкамасининг “Фуқаролар ва жамоат ташкилотларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишдаги фаол иштироки учун рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2018 йил 8 январдаги 15-сон қарорига мувофиқ рағбатлантирилади.
Қарорга билан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг ходимларига хизмат мажбуриятларини бажаришда идоравий формали кийим-бошлар кийиб юришига ва тегишли фарқлаш белгиларини тақишига рухсат этилади.
Инспекция ходимлари идоравий формали кийим-бошлар ва фарқлаш белгилари билан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таъминланади.
Инспекция:
идоравий формали кийим-бошларни тикиш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида белгиланган тартибда танлов (тендер) савдолари ўтказилишини;
2025 йил якунига қадар Инспекция ходимларининг идоравий формали кийим-бошлари тайёрланишини ва уларга тўлиқ ўтилишини таъминлайди.
Мазкур қарор билан:
Жисмоний шахслар томонидан қайд этилган сув хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низом;
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ходимларининг идоравий формали кийим-бошлари ҳамда фарқлаш белгилари намуналари ва тавсифи тасдиқланди.
ЎзА