Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан Сув хўжалиги вазирлигининг “Барча учун сув ресурслари ва санитариянинг мавжудлиги ҳамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш” миллий мақсадининг тегишли вазифалари юзасидан ахбороти тингланди.
Таъкидланганидек, 2030 йилгача иқтисодиётнинг барча секторларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли ошириш вазифаси юзасидан ўтган даврда вазирлик томонидан ирригация объектларида 39 521,1 миллион. сўмлик ишлар амалга оширилди. Ушбу маблағлар ҳисобига 3,5 км канал ва 9,1 км лоток тармоқлари қурилиб, реконструкция қилинди ва қирғоқларда ҳимоя ишлари ташкил этилди.
Шунингдек, мелиорация объектларида 1 дона вертикал дренаж қудуғи, 3,2 км коллектор тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди. Сув хўжалиги тизимида 3 та насос, 3 та электродвигателлар, 33 та сув хўжалиги объектига “Ақлли сув” қурилмаси ўрнатилди.
Келгусида сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш, суғориладиган жами шўрланган ер майдонларини 1948 минг гектардан 1722 минг гектарга, жумладан, ўрта ва юқори шўрланган ерларни 607 минг гектардан 430 минг гектаргача камайтириш, 298,5 минг гектар суғориладиган ер майдонини фойдаланишга киритиш мақсад қилинган.

Вазирлик томонидан сув танқислиги таъсирини юмшатиш бўйича қўшни давлатлар билан биргаликда ишлар олиб борилиб, сувдан фойдаланиш соҳасидаги икки томонлама шартнома ва келишувларга эришилган.
Аммо мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш, уларнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, сувдан тежамли ва самарали фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига қарамай, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш, сув танқислиги шароитида истеъмолчилар ўртасида сув тақсимлаш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда сувдан фойдаланиш самараси пастлигича қолаётгани қайд этилди.
Эшитув давомида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш борасида мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА