Океан ва йирик денгизлардан анча олисда, қурғоқчил минтақада жойлашган Ўзбекистон учун ҳам сувнинг аҳамияти бениҳоя катта.
Мамлакатимизда фойдаланиладиган сув ресурсларининг 80 фоизга яқини (тахминан 41,5 км3 /йил) қўшни республикалар ҳудудидаги музликлар ҳисобига шаклланади. Глобал иқлим ўзгаришлари сабабли Тожикистондаги мавжуд 8 мингдан ортиқ музликлар майдонининг 30 фоизи, Қирғизистондаги 10 мингга яқин музликлар майдонининг 16 фоизи эриб кетган. 2030 йилга бориб музликларнинг яна 15–20 фоизи йўқолиб кетиши башорат қилинмоқда.
Тобора кучайиб бораётган сув тақчиллиги ҳамда сув ресурсларига бўлган эҳтиёж ўсиб бораётгани қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини кескин оширишни талаб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, сувчилар учун баҳорга қадар яна қизғин иш палласи бошланади. Жумладан, вегетация мавсумида узлуксиз ишлаган ирригация тармоқлари, насос станциялари ва гидроиншоотларни фақат куз-қиш даврида тозалаш, таъмирлашга имкон бўлади. Бу ишлар сув истеъмолчилари билан олдиндан келишилган жадвал асосида амалга оширилади.
Қайд этилишича, бу йилги вегетация мавсуми ўз ниҳоясига етди. Сув ҳар йилгидан танқис бўлган жорий йил сувчилар учун машаққатли кечди. Шунга қарамай, сувчиларнинг заҳматли меҳнатлари эвазига республикамизнинг суғориладиган барча экин майдонларига тасдиқланган график асосида сув етказиб берилди. Натижада ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олинди. Деҳқонлар, миришкорлар ва уларга мавсум давомида хизмат кўрсатган сувчиларнинг юзи ёруғ бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган навбатдаги ҳайъат йиғилиши ана шу масалалар муҳокамаси билан бошланди. Сув хўжалиги вазири, ҳайъат раиси Шавкат Ҳамроев куз-қиш даврида барча сув хўжалиги иншоотларини тозалаш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ишлари келгуси йилнинг 15 мартига қадар тўлиқ якунланиши зарурлигини таъкидлади.
Ҳайъат йиғилишида вазирлик тизимида 9 ойда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш якунлари ҳамда 2021 йилга белгиланган прогноз кўрсаткичлар ва топшириқларнинг ижроси муҳокама қилинди. Бу борада, айниқса, сув хўжалигини рақамлаштиришни жадаллаштириш зарурлиги айтилиб, йилни қандай якунлаш, белгиланган прогроз кўрсаткичларни сўзсиз таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашувда таъкидланишича, сув хўжалиги ходимлари томонидан 30 миллион туп дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган. Шу кунга қадар 6,5 миллион туп дарахт кўчатлари экилган бўлса, декабрь ойи охиригача бу кўрсаткич 20 миллион тупга етказилади.
Шунингдек, йиғилишда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ижро интизомига риоя этилишини таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар кўриб чиқилди. Бу бўйича навбатдаги вазифалар белгилаб олинди.
Ҳайъат йиғилишида сув иншоотларининг муҳофаза зоналаридаги ерлар ва ёрдамчи хўжаликлар имкониятидан фойдаланган ҳолда сувчиларга қўшимча даромад яратиш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш масаласи ҳам эътиборда бўлди.
Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА