Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сувдаги санъат асари
12:00 / 2023-06-17

Эбру – сувда сурат чизиш санъати бўлиб, “туркча мармарлаш” деб ҳам аталади. Рассом махсус идишдаги сувда бўёқлар билан сурат чизади ва уни қоғоз ёки матога ўтказади. Бунда аввалига бўёқлар қўлда яратилган махсус мўйқалам остига енгил уриш билан сувга тўкилади ва махсус восита билан ишлов берилади.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, “Эбру” санъати асли Бухорода пайдо бўлиб, Эрон орқали туркларга етиб келган. Унинг энг қадимий машҳур намуналари XI асрга тегишли.  

Бухорода ўтказилаётган “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивалида  бир қатор давлатлардан маданият ва санъат арбоблари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, расмий тур-операторлари қатнашмоқда.  Улар орасида Туркиянинг “Me’mor Sinan” номидаги тасвирий санъат университети анъанавий турк санъати кафедраси ўқитувчиси Ҳикмет Барутчугил ҳам бор.  

Ҳикмет Барутчугил Эбру санъати ҳақида фикрларини билдирди.  

– Аслида мутахассислигим мутлақо бошқа йўналиш эди, – дейди Ҳикмет Барутчугил. – Кейинчалик Эбру санъатига меҳрим тушди. Бу санъат тури Туркияда қадимий, анъанавий санъат турларидан бири. Мен салкам 50 йилдан буён сувда сурат чизиш санъати билан шуғулланиб келаман. Қайси давлатга борсам тарғиб қиламан. Эбруда исталган тасвирни, гуллар, инсонлар, абстракт суратлар, хуллас оддий қоғозга оддий мўйқалам билан қандай тасвир тушириш мумкин бўлса, барини яратиш мумкин.  

Ҳикмет Барутчугил фестиваль иштирокчиларига сувда санъат асари яратиш техникаларини амалда намойиш этди.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Эбру санъати намуналари БМТнинг маданий мерослар рўйхатига ҳам киритилган. Унинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, бир марта чизилган суратни қайта такрорлашнинг иложи йўқ. Шу сабабдан ҳам бу санъат ўз индивидуаллигини бугунгача сақлаб келмоқда.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА