Бу ҳақда Қашқадарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилди.
Ёз мавсумида сувда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида вилоят ҳудудида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, вилоят ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё, канал ва анҳорларда чўмилиш мавсуми давомида назорат ва кузатув тарғибот постлари ташкил этиладиган 36 та хавфли ҳудуд рўйхати шакллантирилди. Ушбу постларда шаҳар ва туман ҳокимликлари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, “Ўзбекистон” ёшлар иттифоқи, “Аму-Қашқадарё” ирригация тизимлари бошқармаси, ҳудудий ИИО ва ФВ ходимларидан иборат навбатчилик ташкил этилган.
Шунингдек, чўкиш ҳолатлари қайд этилган ва аҳоли томонидан чўмилиш одатий ҳолатга айланган жойларда 514 та “Чўмилиш қатъий тақиқланади!” белгилари ўрнатилди.
Аҳоли кўп тўпланадиган дам олиш ҳудудларида, маҳаллий тадбиркорлар ва профилактика инспекторлари ҳамкорлигида юздан ортиқ тушунтириш ва профилактика тадбирлари ўтказилди.
Тадбирларга Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, “Ҳудудгаз” ва ҳудудий электр тармоқлари корхонаси вакиллари жалб этилган. Уларнинг иштирокида хонадонларда текширувлар ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилган.
Ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлар ўрганилиб, белгиланган чоралар кўрилган. 34 нафар мансабдор шахсга нисбатан жами 12 миллион 750 минг сўмлик жарима қўлланилган.
2024 йилда Қамаши туманида рўй берган фожиали ҳолат – сунъий сув ҳавзасига тушиб кетган икки нафар вояга етмаган боланинг ҳалок бўлиши, мазкур масалага жиддий ёндашиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади.
Айни пайтда рухсат этилмаган жойларда аҳолининг чўмилишини чеклаш, ёшлар ва болаларни огоҳлантириш, ота-оналарнинг масъулиятини ошириш борасида тизимли профилактика ишлари давом эттирилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири