Сирдарё вилоятининг Ховос туманида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, таъминот тизимини замонавийлаштириш ва рақамли технологияларни амалиётга жорий этиш мақсадида навбатдаги амалий ташаббус ҳаётга татбиқ этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ходимларига хизмат фаолиятини енгиллаштирувчи техник воситалар – электро скутер ва планшетлар топширилди.

Тантанали тадбирда Қуйи-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Атақулов, туман ҳокими Улуғбек Йўлдошев, соҳада кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида иш фаолиятида алоҳида натижалар кўрсатган гидрометр ва участка раҳбарларига электро скутерлар ҳамда электро муравей ҳамда планшетлар тантанали тарзда топширилди. Бу техника воситалари орқали ходимлар чекка ҳудудлардаги сув иншоотларига тезкор бориш, объектлардаги ҳолатни ўрганиш ҳамда муаммоларни жойида ҳал этиш имкониятига эга бўлишади.

— Электро скутерлар, айниқса, узоқ масофалардаги аҳоли пунктларига тезкор хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади, — деди туман ҳокими Улуғбек Йўлдошев. — Бу каби воситалар хизмат самарадорлигини ошириш, вақт ва ресурсларни тежаш имконини беради.

Шунингдек, тақдим этилган планшетлар орқали сув ҳисоботи, истеъмолчилар ҳақидаги маълумотлар ва бошқа зарур ахборотлар электрон шаклда киритилиб, маълумот алмашинуви тезлаштирилади. Бу жараён эса бошқарувда автоматлаштириш ва шаффофликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Тадбирда сўзга чиққанлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, таъминот жараёнларида рақамлаштиришни кенгайтириш, замонавий ахборот технологиялари асосида иш юритиш каби масалаларнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлашди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири