Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни тежаш бугунги куннинг энгдолзарб масалаларидан биридир. Айниқса, қишлоқ хўжалигида самарали сувтежаш технологияларини жорий қилиш унумдорликни ошириш ва ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олишда муҳимдир. Шу мақсадда ташкил этилган “Сувчилар мактаби” фаолияти сувресурсларини тежаш вабошқаришни такомиллаштиришга қаратилган.
Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш маданиятини шакллантириш, “Сув – текин эмас” тамойили асосида замонавий сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича билим вакўникмаларни бериш асосий мақсад этиб белгиланди. Статистик маълумотларга қараганда, 1 дона помидор етиштириш учун 13-20 литрча сув керак. 1 кг гўшт етиштириш учун 15 000 литр сув керак бўлади. Томчилатиб суғориш технологиялари орқали эса сув сарфини бир неча баробарга камайтириш мумкин.

Соҳада амалга оширилаётган ишларни кенг татбиқ этиш мақсадида “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида пресс-тур ўтказилди. “Сувчилар мактаби” директори Фарҳод Саидов пресс-тур доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб берди:
– “Сувчилар мактаби”нинг асосий мақсади сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашдан иборат. Биз “Сув текин эмас” тамойили асосида сув тежаш технологияларини жорий қилган ҳолда унумдорликни оширишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи корхоналар ходимларининг малакасини ошириш билан бирга, ўқув курслари орқали сув тежаш технологияларини амалда қўллаётган сув тежовчи компания мутахассисларининг билим савиясини баҳолаб, уларга махсус сертификатлар тақдим этмоқдамиз.

Келажак режамизда биринчи навбатда фермерлар ва агрокластер раҳбарларини ўқитишда замонавий ёндашувларни қўллаш ва бугунги кун талабларига мос ўқув дастурларини ташкил этиш учун маслаҳат кенгашини ташкил этишни кўзламоқдамиз. Бундан ташқари, бошқа соҳа вакилларини ҳам ўқитишни режалаштиряпмиз. Бу орқали барча иштирокчиларга сувдан тўғри фойдаланиш ва “Сув текин эмас” тамойили асосида исрофгарчиликларнинг олдини олишга оид билимларни етказишни мақсад қилганмиз.
Шунингдек, хориж тажрибасини ўрганиб, тингловчиларимиз учун чет элнингпрофессионал мутахассисларини жалб этиш орқали ўқув дастурларимизни кенгайтирмоқчимиз. Қўшни давлат мутахассисларини ҳам ўқитиб, Ўзбекистон ва қўшни давлатларнинг трансчегаравий сув ресурсларини адолатли ва самарали бошқаришга ўз ҳиссамизни қўшишга интиламиз, – деди Фарҳод Саидов.

Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари, сув ресурсларининг танқислиги ва бозор талабларининг ўсиб бораётгани ушбу масалага илмий ёндашувларни талаб этади. “Сувчилар мактаби” эса соҳа доирасида салмоқли ишларни амалга ошириб келмоқда. Мисол учун, республиканинг 13 та ҳудудидаги ўқув юртлари ва илмий тадқиқот институтлари базасида 2023-2024 йилларда 15-20 гектарлик (жами 255 гектар) тажриба майдонлари ташкил қилинди.
Бунда майдонлар лазерли текисланди, замонавий сув тежовчи суғориш тизимлари жорий этилди, бошқариш тўлиқ автоматлаштирилди ва сўнгги турдаги метеостанциялар ўрнатилди.
Натижада қишлоқ хўжалиги экинларининг сув сарфи 44 фоизга, ишчи кучи 50 фоизга, харажатлари 21 фоизга камайган ҳамда ҳосилдорлик 31 фоизга ошган.
Бундан ташқари, 2025-2026 йилларда 155 та туманда 7 минг гектарда пахта ва ғалла етиштиришга мослашган тажриба майдонларини жорий қилиш бошланди.
“Сувчилар мактаби” таълим ва кўникмаларни оширувчи лойиҳа бўлибгина қолмай, мамлакатимизда сув хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг яққол исботи ҳамдир.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА