French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сувчилар чўлда "Ирригаторлар боғи"ни яратишга аҳд қилди
16:20 / 2023-11-29

Кўчат экиб боғ яратиш халқимизга хос бўлган қадриятлардан биридир. Президентимиз томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ана шу эзгу қадриятларимизнинг амалий ифодасидир.

Бу борадаги ишлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам қизғин паллага кирган. Лойиҳа доирасида кўчат экиш, боғ яратиш ишларида кенг жамоатчилик ва корхоналар қаторида Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги корхона ва ташкилотлар  ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, сув хўжалиги объектлари бўйига манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиб, атроф муҳитни яшилликка буркашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

–Ушбу лойиҳа доирасида жорий йилнинг куз-қиш  мавсумида,  қарийб 584 минг дона  мевали ва манзарали кўчатни экиш белгиланган бўлиб,бугунги кунгача 37 минг дона мевали, 100 минг дона  манзарали, 90 минг дона тут, 120 минг дона терак кўчати  экилди,– дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бўлим бошлиғи И. Солибоев.– Бунда суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни кўпайтирадиган, ирригация иншоотларини, коллекторларни шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялайдиган, шўрхок тупроққа мос келадиган навлар танланиб, кўчатлар Сирдарё вилояти Ўрмон хўжалиги бошқармаси тасарруфидаги кўчатчилик хўжаликларидан келтирилди.

“Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида сирдарёлик сувчилар "Ирригаторлар боғ‘ини бунёд этишмоқда. Шу мақсадда Сирдарё мелиоратив экспедицияси жамоаси Оқолтин туманидаги “9К-16” коллекторининг  муҳофаза майдонида жойлашган 4 гектар майдонга  анор, беҳи, олча, олхўри каби 6000 та мевали кўчатни экиб, коллектор устига қарийб 25 метрли гидромост ўрнатди.  

– Бу юмушларни бажариш учун Сирдарё мелиоратив экспедициянинг 140 нафар ходими жалб этилди, –дейди  Сирдарё мелиоратив экспедицияси бошлиғи Дилшод Бўронов. – Асосийси, коллекторнинг муҳофаза зонасида барпо этилган янги   боғ ҳисобига 10 нафар ишчи қўшимча иш билан таъминланган бўлса,  коллекторнинг муҳофаза зонасига  эккан  кўчатларимиз эса  иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларини юмшатишга, экотизимни ҳимоялашга, биохилма-хилликнинг  яхшиланишига, чўлланишни олдини олишга, ерларнинг емирилишини тўхтатишга хизмат қилади.  

Бу борадаги ишлар нафақат Оқолтин туманида, балки вилоятнинг Сардоба, Ховос, Гулистон, Боёвут, Сирдарё, Мирзаобод ва Сайхунобод туманларида ҳам амалга оширилиб, мавжуд ирригация иншоотлари атрофи тозаланиб, коллекторлар бўйларига мевали ва манзарали кўчатлар экилди.

Кўчат экиш ишлари эса халқимизнинг қадимий анъаналари ва урф-одатларига мос ҳолда, нуронийларнинг дуолари билан бошланиб, ҳашар сўнгида ишчи- хизматчиларга ҳашар ошлари ташкил этилди.

Бу борадаги эзгу ишлар Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги ташкилот ва муассасаларда, сув хўжалиги объектларида қизғин давом этмоқда.

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири