Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув йўқотилишини қисқартиришда инновацион ёндашув
12:22 / 2026-01-10

Боёвут туманидаги Боёвут-1 ҳудудида жойлашган “Ўнг тармоқ 1” каналида Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган амалий семинарда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жасур Мухторов, Сув хўжалиги вазирлигининг етакчи мутахассиси Диёрбек Абдуллаев ҳамда Сирдарё “Сувқурилиш-инвест” давлат муассасаси директори Адҳам Эштемиров иштирок этди.

Семинарда энг асосий эътибор сув йўқотилишини камайтиришда инновацион ёндашувларга қаратилди. Мутахассислар канал ва ариқларни бетонлаштириш орқали сувнинг фильтрация йўқотилишини сезиларли даражада камайтириш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув сарфини оптималлаштириш имкониятлари ҳақида тавсиялар берди. Шунингдек, замонавий насос станциялари, автоматлаштирилган сув тақсимлаш тизимлари ҳамда дронлар орқали мониторингнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.

– Биласизми, сув ресурсларини самарали бошқаришда инновацион технологияларнинг ўрни ниҳоятда катта, – деди Сув хўжалиги вазирлигининг етакчи мутахассиси Диёрбек Абдуллаев. – Замонавий усуллар сув йўқотилишини сезиларли даражада камайтиради, каналлар самарадорлигини оширади ва фермер ҳамда деҳқон хўжаликларини барқарор сув билан таъминлаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини кўпайтиришга ёрдам беради. Шунингдек, автоматлаштирилган мониторинг тизимлари ва дронлар орқали назорат сув ресурсларини тежамкорлик билан тақсимлашда муҳим стратегик восита ҳисобланади.

Жорий йилда вилоятда давлат бюджети ҳисобидан 6 та объект учун 59 миллиард сўм маблағ ажратилиб, жами 60,4 километр каналнинг бетонлаштирилиши режалаштирилган. Бу тадбирлар сув йўқотилишини қисқартириш ва қишлоқ хўжалигини барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Илмий таҳлил ва амалий тажрибалар кўрсатганидек, инновацион усуллар сув ресурсларини самарали бошқариш, фермер ва деҳқон хўжаликларини барқарор сув билан таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини оширишда асосий омил ҳисобланади. Бу нафақат маҳаллий, балки минтақавий аҳамиятга эга стратегик вазифа сифатида баҳоланади.

Энг асосийси, семинар давомида мутахассислар унда иштирок этган фермер, деҳқон хўжалик ва кластер раҳбарлари ҳамда ходимларига бетонлаштириш ишларини ўз вақтида тез ва сифатли якунлаш, сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича илмий асосланган тавсия, маслаҳат ва топшириқлар беришди.

Ғулом Примов, ЎзА