Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув йўллари тозаланиб, мавсумга тайёргарлик кучайтирилдими?
11:12 / 2026-02-12

Жиззах вилояти ҳудудларида суғориш тизимини мустаҳкамлаш ва деҳқончилик мавсумини узлуксиз бошлаш мақсадида кенг кўламли тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Пахтакор, Бахмал, Дўстлик ва Шароф Рашидов туманларидаги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари томонидан ички суғориш ва лоток тармоқлари лойқа ҳамда турли чиқиндилардан босқичма-босқич тозаланяпти.

Пахтакор туманидаги Акмал Икромов фермер хўжаликлари ҳудудида жойлашган лоток тармоқлари қўл кучи билан тозаланди. Бу орқали сув ўтказувчанлик қобилияти оширилиб, суғориш жараёнидаги эҳтимолий узилишларнинг олди олинмоқда. Натижада экин майдонларига сув етказиб бериш самарадорлиги янада яхшиланади.

Бахмал туманидаги “Тонготар” каналидан сув олувчи ички тармоқларда ҳам профилактик тадбирлар амалга оширилди. Мутахассислар таъкидлашича, суғориш мавсуми олдидан бундай ишлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, айниқса, сув танқислиги кузатилиши мумкин бўлган даврларда барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Дўстлик туманидаги Қосим Раҳимов фермер хўжаликлари ҳудудидаги ишлар режа-график асосида изчил ташкил этилди. Бу сув тақсимотининг адолатли ва узлуксиз бўлишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шароф Рашидов тумани “Янги ҳаёт” ҳудудида эса ички суғориш тармоқлари қўл кучи билан бир қаторда махсус механизмлар ёрдамида ҳам тозаланмоқда. Замонавий техникалардан фойдаланиш иш самарадорлигини ошириб, муддатларни қисқартириш имконини бермоқда.

Эътиборлиси, барча ишлар техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда, мутахассислар назорати остида амалга оширилмоқда.

Суғориш тизимини тартибга келтириш — бу фақат техник жараён эмас, балки ҳосилдорлик ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омилидир. Ҳудудлардаги тизимли ва мақсадли ишлар янги аграр мавсумни ишонч билан қарши олиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири