French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув хўжалигини ислоҳ қилиш борасида 7 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилди
15:56 / 2020-12-01

Сув ресурсларини самарали бошқариш, улардан оқилона фойдаланиш, бу борада ўрта, узоқ истиқболдаги ишларни режалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди.

“Сув хўжалигини рақамлаштириш ва сувни тежовчи технологиялар жорий этишни кенгайтириш” мавзуидаги матбуот анжуманида бу ҳақда атрофлича маълумот берилди.

Таъкидланишича, концепцияда 11 устувор йўналиш белгиланган бўлиб, шулардан иккитаси – сув истеъмоли ҳисобини юритишда “Ақлли сув” ва шу каби рақамли технологияларни жорий қилиш ҳамда сув тежовчи суғориш технологияларидан иборат.

Концепцияда 2030 йилгача барча ирригация тизими объектларига (18 минг 576 та ) “Ақлли сув” сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмаларини ўрнатиш, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш, 100 та йирик сув хўжалиги объектида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш вазифаси белгиланган. Бу борада Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда 7 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилди.  

Лойиҳа доирасида 61 та сув хўжалиги объектида сув ресурсларини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи “Ақлли сув” қурилмалари, об-ҳаво маълумотларини онлайн тарзда кузатиб борувчи 15 та кичик метеостанция ҳамда жойлардаги вазиятни визуал назорат қилиш имконини берувчи кузатув камералари ўрнатилди.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорликда эса республика бўйлаб 87 та сув хўжалиги объектига сув ресурсларини онлайн мониторинг юритиш имконини берувчи “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилди.

Мелиорация тизимини рақамлаштириш юзасидан ҳам ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Голландия технологияси бўйича Хоразм вилоятида 66 та, Хитой технологияси бўйича Қорақалпоғистон Республикасида 12 та ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан Бухоро вилоятида 25 та мелиоратив кузатув қудуғи “Diver”лар билан жиҳозланган автоматик тизим ишга туширилди. Натижада лойиҳа худудларида сизот сувлари сатҳи ва уларнинг минераллашганлик даражасини онлайн кузатиб бориш имконияти яратилди.

Айни пайтда тизимдаги барча насос станцияларда электр энергия сарфини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Бугунги кунда Бухоро вилоятида 650 та, Самарқанд вилоятида 269 та ва Жиззах вилоятида 59 та насос станция ва суғориш қудуғида ақлли ҳисоблагичлар ишга туширилди.  

Республикамизда сув тежовчи технологияларнинг томчилатиб, ёмғирлатиб, гидрогель гранулаларидан фойдаланиб, тупроқ остидан, кўчма эгилувчан пластик қувурлар ёрдамида ва эгатларга плёнка тўшаб суғориш каби усулларидан фойдаланилмоқда.

– Айни пайтда сув тежовчи технологиялар қўлланилаётган майдонлар жами суғориладиган ерларнинг қарийб 7 фоизини ташкил этмоқда, – дейди Сув хўжалиги вазирлигининг ахборот-таҳлил ва ресурс маркази раҳбари Рустам Қаршиев. – 2020 йилда 284 минг гектар майдонда ана шундай технологиялар ўрнатилди. Шундан 114,2 минг гектарини томчилатиб суғориш ташкил этади. Бу йил жами 200 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси ёрдамида пахта хомашёси етиштирилиши натижасида салкам 1 миллиард куб метр сув тежалди. Ишлаб чиқариш харажатлари оптималлашиб, ҳосилдорлик 45-60 фоизга оширилди.

Мутахассислар маълумотига кўра, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган майдонларни 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилатиб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.  

 

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА