Амударё ҳавзаси Сув хўжалиги бирлашмасида “Сув хўжалиги объектларида рақамли технологияларни жорий этиш” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Унда ҳудуддаги сув хўжалиги тизими ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев сув хўжалиги объектларида рақамли технологияларни жорий этишнинг аҳамияти ва ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмаларидан келаётган маълумотларни тегишли ахборот тизими билан интеграция қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш натижасида мавжуд сувлардан самарали фойдаланиш, сувнинг ҳисобини онлайн мониторинг қилиш имконияти яратилишини таъкидлади. Шунингдек, гидроиншоотлар олдида йиғилиб қолган лойқаларни махсус техникалар ёрдамида қазиб-тозалаш, ирригация тармоқларини ва шўр ювиладиган майдонларни тайёрлаш масалалари бўйича тизим ташкилотлари раҳбарларига топшириқлар берилди.
[gallery-5516]
Тадбир иштирокчиларига Тахиатош гидроузелига ўрнатилган рақамли технология ва уни масофадан бошқариш, онлайн ахборот бериш жараёни амалда кўрсатилди. Шунингдек, лойқаларни тозалаш тадбирлари ва у ерда хизмат қилаётган сувчиларга яратилган шароитлар билан танишди.
Кўргазмали семинар иштирокчилари сув хўжалиги объектлари ва ёрдамчи хўжалигида барпо этилган боғ ва иссиқхонада бўлди. Бугунги кунда ёрдамчи хўжалигида турли мевали ва манзарали дарахтлар парвариш қилинмоқда. Ўтган йилнинг ўзида қўшимча 80 сотих ерда янги боғ барпо этилди. Ёрдамчи хўжаликда иссиқхона ташкил этилган бўлиб, унда лимон етиштирилмоқда. Шунингдек, сув хўжалиги объектлари кўчатлар билан таъминланиб келинмоқда.
Тадбир иштирокчилари Амударё ҳавзаси Сув хўжалиги бирлашмаси Қуйидарё бошқармасида ташкил этилган штаб фаолияти билан яқиндан ташишди. Бу ерда ишчи-ходимларнинг самарали меҳнат қилиши ва дам олишлари учун барча шарт-шароит яратилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, сув хўжалиги объектларида 2022 йилда жами 735 та замонавий рақамли технологияни жорий этиш режалаштирилган. Жумладан, сув ресурсларини онлайн назорат қилиш имконини берувчи 341 та “Ақлли сув”, 270 та мелиоратив кузатув қудуқларида ер ости сизот сувлари сатҳи ва уларнинг минераллашганлик кўрсаткичлари мониторингини юритиш имконини берувчи “Diver” қурилмаларини ўрнатиш ва 1 та йирик объектнинг бошқарувини автоматлаштириш, шунингдек, 123 та насос станциясида сув сарфини “онлайн” назорат қилиш имконини берувчи қурилмаларни ўрнатиш режалаштирилган.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА