Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев жойларда амалга оширилаётган ишлар, ҳудудлардаги сув таъминоти ҳолатини ўрганиш, аҳоли ва сув истеъмолчилари билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида Жиззах вилоятининг Мирзачўл ва Дўстлик туманларида бўлди.
Вазир дастлаб, Мирзачўл туманининг “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари ва суғориш тизимларининг мавжуд ҳолати билан танишди. Шундан сўнг экин майдонларида сувни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш, сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш масалалари юзасидан деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Ташриф давомида вазир Дўстлик тумани марказидаги бир нечта маҳаллаларда ҳам бўлиб, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари билан ҳам суҳбатлашди. Ушбу учрашувда деҳқон ва фермер хўжаликлари раҳбарлари суғориш мавсумида дуч келаётган муаммо ва қийинчиликларни очиқ-ойдин баён этди.
Вазир мазкур ҳудуддаги мавжуд ҳолатни ўрганиб, тизим ташкилотлари раҳбарларига тегишли топшириқлар берди. Жумладан, ички суғориш тармоқларини таъмирлаш, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бу борадаги муаммоларни бартараф этиш учун зарур чоралар белгиланди. Очиқ мулоқотлар жараёнида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига Сув хўжалиги вазири томонидан батафсил жавоб берилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири