Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув хўжалиги вазири сирдарёлик сувчилар ва фермерлар фаолияти билан танишди
21:13 / 2021-08-14

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Сирдарё вилоятида 2021 йил ҳосили учун жами 12 326 гектарда томчилатиб суғориш технологияси, 100 гектар пахта майдонларида пульсар суғориш технологиясини жорий этиш, 17 924 гектар майдон ерларини лазерли текислаш режалаштирилган.

Вилоятдаги сув тежовчи технологияларни жорий этувчи кластер ва фермер хўжаликлари билан пудрат ташкилотлари ўртасида технологияни қуриш бўйича 17 422 гектар майдонга, шундан 13 644 гектар томчилатиб суғориш, 120 гектар ёмғирлатиб суғориш ва 3658 гектар майдонда дискрет суғориш технологиясини жорий этиш бўйича шартномалар тузилган.

 Бугунги кунгача кластер ва фермер хўжаликларининг 15 526 гектар майдонида технологияларни қуриш учун жами 281 млрд. сўм маблағлари молиялаштирилган. Пудрат ташкилотлари томонидан 15 512 гектар майдонда қурилиш ишлари бошланиб, 9898 гектар майдонда қурилиш ишлари якунланди. 

Иш якунланган 8383 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Технология қўлланган 6909 гектар майдонга субсидия олишга ҳужжатлар тайёрланган бўлса, 5517 гектар майдон учун субсидия ажратиш Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этилди. Вазирлик томонидан 1206 гектар пахта майдони учун 10,021 млрд. сўм субсидия кластер ва фермер хўжаликлари ҳисоб рақамларига ўтказиб берилди.

[gallery-3412]

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев қишлоқ хўжалигида сув тежайдиган технологияларни жорий этиш тадбирлари қай даражада олиб борилаётгани билан яқиндан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. “Сардоба” сув омборида ва туманда фаолият олиб бораётган кластерларда бўлиб, у ерда ишлаётган мутахассислар, сувчилар ва фермерлар билан суҳбатлашди.

Икки кун давом этган ўрганишлар давомида Сирдарё туманидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхона шаклидаги МЧЖ тасарруфидаги дала майдонларида “Қишлоқ хўжалиги йўналишида бугунги кунда суғориш тизимидаги томчилатиб суғориш усулининг авзалликлари” деб номланган кўргазмали семинар ўтказилди. Унда Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси масъул ходимлари, туман ва СИУ раҳбарлари, фермерлар иштирок этди. Вазир сув олишни тартибга солиш, уни тежаб ишлатиш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш бугунги куннинг талаби эканлигини таъкидлади. Тадбирда “TIANCHEN” МЧЖ бош деректори Kang Hong ҳозирги кунда ушбу корхонада томчилатиб суғориш технологиялари учун барча турдаги ускуналар ишлаб чиқарилаётганлигини маълум қилиб фермерларни ҳамкорликка даъват этди. Синдоробод СИУ раиси Баҳодир Исаевнинг қайд этишича, Республикамизда сув танқислиги ўтган йилга қараганда 25 фоизга кам бўлиши айтилган, аммо шунга қарамасдан, бу йил ҳам сув таъминоти яхши йўлга қўйилган.  

Сўнг Ховос туманидаги Улуғбек Йўлдошев раҳбарлик қилаётган “Сайхун” фермер хўжалиги пахта даласида ховослик фермерлар билан суҳбатлашилди. Улуғбек Йўлдошев вилоятда биринчилардан бўлиб, сув тежовчи технологияларни ўз пахта даласига ўрнатган изланувчан фермердир. Ғўзаларни суғоришни қўл телефони орқали бошқариб келади. Ушбу фермер хўжалиги Германияда ишлаб чиқарилган насослардан фойдаланади.

Ҳозирги кунда юртимизда эса 36 та йирик, 56 та кичик корхона сув насослари ва унинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқармоқда. Суҳбат давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган шу каби жиҳозлардан ҳам унумли фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.  

Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА