Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув хўжалиги вазири Сардобада сайёр қабул ўтказди
09:47 / 2022-10-27

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида сайёр қабул ўтказди.

Қабулда тадбиркорлар, фермер хўжалиги раҳбарлари, сув хўжалиги ташкилотлари ходимлари, маҳалла фаоллари иштирок этди. Дастлаб Сардоба тумани сув хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Натижалар таҳлил қилинди.

Айтилишича, туманда қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғориш учун жорий йил 1 апрелидан 1 октябригача 181,4 млн.м3 сув олиш лимити ажратилган бўлиб, амалда 190,6 млн.м3 сув олинган. Берилган сув билан 109,3 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонлари сув билан таъминланди. Шунингдек, 2022 йилнинг 1 октябридан 25 октябригача 9,0 млн.м3 сув олиш лимити ажратилган бўлиб, амалда 22,0 млн.м3 сув олинган. Берилган сув билан 12,3 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонлари сув билан таъминланди. Туманда ҳозирда кунлик олинаётган сув билан жами 350 гектар майдон суғорилмоқда.

Вазир қабулида туманда сув хўжалиги тизими билан боғлиқ муаммоларга ечим изланди.

Туман Кенгаши депутати А.Эгамбердиев фермер хўжалигини сув билан таъминловчи ЮР-16 каналидан ёзги суғориш мавсумида сув танқислиги кузатилаётгани сабабли, мавсумда сув миқдорини кўпайтириш бўйича мурожаат қилди. Ушбу масала юзасидан масъуллар зиммасига вазифалар юклатилди.

Мурожаатчига фермер хўжалиги ерларида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш тавсия этилди.

“Дўстлик” маҳалласида яшовчи фуқаро Д.Қўшбоқов маҳаллада янги қурилган турар жой бинолари атрофидаги томорқаларни сув билан таъминлашга ва бинолар атрофидаги оқова сувларни чиқариб ташлаш учун зовурга 270 метр ташлама қуриб бериш бўйича мурожаат қилди. Ушбу масала юзасидан сув таъминотини тиклаш ва оқова сувларни чиқариб ташлаш учун 270 метр қувур ўрнатиладиган бўлди.  

Вазир туман сув хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар тўғрисида сўз юритиб, сувчи ходимларга бор имкониятлардан самарали ва оқилона фойдаланган ҳолда фермерлар ва аҳоли томорқаларига сув тақсимотини тўғри ва адолатли тақсимлаш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлади.  

 

Шуҳрат Суяров, ЎзА