French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув хўжалиги тизимида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари қандай натижа бермоқда?
10:01 / 2021-08-02

Мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 6 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжат билан Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази ташкил этилди. Марказ сув хўжалиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағларини жалб қилиш, ушбу лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш каби бир қатор вазифаларни амалга оширади.  

Сув хўжалиги соҳасида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижаларига бағишланган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.  

 Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати ва вазирлик ҳузуридаги Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари ва журналистлар иштирок этди.  

 Матбуот анжуманида жорий йилнинг олти ойида тизимда қилинган ишларга асосий эътибор берилар экан, унда марказ фаолияти ва амалиётга татбиқ этилаётган инвестиция лойиҳалари ҳамда келгуси режалар муҳокама қилинди.  

 Қайд этилганидек, ўтган 2020 йилда Ислом тараққиёт банки иштирокидаги “Хоразм вилояти Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш” лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари якунланган. Бу ишлар натижасида Хазорасп, Боғот, Хонқа, Урганч, Хива, Кўшкўпир ва Шовот туманларида жами 191,3 минг гектар суғориладиган ернинг сув таъминоти ҳамда 100 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилган.  

 – Айни пайтда Осиё тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида “Аму-Бухоро ирригация тизимларини қайта тиклаш”, “Сурхондарё вилоятида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш (Хазарбоғ-Оққапчиғай каналлари тизимини қайта тиклаш)”, “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. 2-босқич” каби 5 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда, – деди Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази директори Бахтиёр Камолов. – Ушбу йирик халқаро молия институтлари билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг умумий қиймати 767 миллион долларни ташкил этади. Бу лойиҳалар доирасида 2021 йилда жами 211,2 миллион доллар миқдоридаги хорижий кредитларнинг ўзлаштирилиши ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 2,26 миллион доллар миқдорида маблағ ўзлаштирилиши режалаштирилган. Жорий йилнинг I ярим йиллигида жами 51,31 миллион доллар, шу жумладан, 49,05 миллион доллар хорижий кредитлар (114 фоиз) ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 2,26 миллион доллар (100 фоиз) ўзлаштирилди.  

 Лойиҳалар самарасига тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи ярмида 188 километр канал ва улардаги 57 та гидротехник иншоот реконструкция қилинган бўлса, 52 та вертикал суғориш қудуқ бурғиланди ва Сурхондарё вилоятида 100 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди. Шунингдек, лойиҳалар ҳудудида 570 миллион сўм эксплуатация маблағлари иқтисод қилиниб, ирригация тизими каналларининг фойдали иш коэффициенти 15 фоизга ошишига ва 50 миллион метр куб сув тежалишига эришилди.  

 Тадбирда Бахтиёр Камолов марказ фаолияти ва жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган режалар ҳақида ҳам тўхталди.

– Марказда 79 нафар ходим, шундан 34 нафари Тошкент шаҳрида, 45 нафари ҳудудларда фаолият кўрсатади. Ишимиз бевосита халқаро ташкилотлар билан боғлиқ бўлгани боис, жамоамизнинг хорижий тилларни билиш даражаси 70 фоизни ташкил этади. Энди режаларга келсак, 2021 йил якунига қадар инвестиция лойиҳалари доирасида белгиланган жами 213,5 миллион доллар, жумладан, 211,2 миллион доллар хорижий кредитлар ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 2,26 миллион доллар ўзлаштирилади. Бу ишлар натижасида 437 километр каналлар ва улардаги 640 та гидротехник иншоот қурилади ва реконструкция қилинади, 28 дона насос агрегати модернизация қилинади, 92 та вертикал суғориш қудуқ бурғиланди ҳамда 11 минг 700 гектар ер майдони лазер ёрдамида текисланади. Лойиҳалар ҳудудида 1 120 миллион сўм эксплуатация маблағлари иқтисод қилинади. Ирригация тизими каналларининг фойдали иш коэффициенти 15 фоизга ошади ва 220 миллион метр куб сув тежалади, – деди Б.Камолов.  

 Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА