Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмиталари ҳамда Давлат бюджети бошқармаси ҳамкорлигида қўшма йиғилиш ўтказилди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан халқаро молия институтларининг қарз маблағлари ҳисобига сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳолати, Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими муҳокама қилинди.
Тадбирда Сув хўжалигида хорижий инвестицияларни амалга ошириш маркази директори Б.Камоловнинг амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди.
— Кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди марказ директори Б.Камолов. — Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 июлдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди. Сув хўжалигидаги лойиҳаларни амалга оширишда хорижий молия институтларининг маблағларини жалб этиш муҳим ҳисобланади. Лойиҳаларни ўз вақтида сифатли амалга ошириш ҳамда жалб қилинган маблағлардан самарали ва манзилли фойдаланиш мақсадида Сув хўжалигида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш маркази ташкил этилди.
Ўтган давр мобайнида Ислом тараққиёт банки иштирокида “Хоразм вилояти Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш”, Жаҳон банки иштирокида “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш”, “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш 2-босқич”, Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қарши насос станциялари каскадини капитал қайта тиклаш (III фаза)” ҳамда Осиё тараққиёт банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) иштирокидаги “Аму-Бухоро ирригация тизимларини қайта тиклаш” лойиҳалари амалга оширилди.
Лойиҳалар доирасида 2021 йилда жалб этилган маблағлар ҳисобидан 554,5 км каналлар таъмирланган, улардаги 353 та гидротехник иншоотлар янгисига алмаштирилган ва қайта тикланган, 92 та тик суғориш қудуқлари бурғуланган. Шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги фермер хўжаликларининг 100 гектар майдонида томчилаб суғориш технологияси жорий қилинди, — деди маърузачи.
Қайд этилганидек, давлат ташқи қарзи ҳисобига сув хўжалигида амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бирга қатор хато ва камчиликлар аниқланмоқда. Жумладан, Ҳисоб палатаси томонидан ўтказилган ўрганишларда мутасадди раҳбарларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаслиги ва масъулиятсизлиги оқибатида қонунбузилишлари ҳамда молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги кўрсатиб ўтилган. Бу каби ҳолатлар депутатлар томонидан танқид қилинди ҳамда зарурий тавсиялар берилди.
Қўшма йиғилишда билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида қўмиталарнинг қўшма қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА