French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув ва яшиллик — тараққиёт пойдевори
12:41 / 2026-02-27

Мамлакатимизда сув хўжалиги тизимини модернизация қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда атроф-муҳит барқарорлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Бу борада қабул қилинган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда давлатимиз раҳбарининг сув хўжалигини ислоҳ қилишга қаратилган ташаббуслари жойларда изчил ижро этилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан белгиланган устувор вазифалар сув ресурсларини тежаш, ирригация инфратузилмасини янгилаш ва самарадорликни оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Ана шу вазифалар ижроси доирасида Сирдарё–Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги “Учтом” ирригация тизими бошқармаси, Ғаллаорол ҳамда Арнасой туманларидаги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари томонидан кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Дўстлик тумани ҳудудидан ўтувчи ПР–12–4 канали махсус техника воситалари ёрдамида лойқа ва турли чиқиндилардан тозаланди. Натижада унинг сув ўтказувчанлик қобилияти сезиларли даражада яхшиланиб, сувни манзилли ва узлуксиз етказиб бериш имконияти кенгайди. Бу эса сув йўқотилишининг олдини олиш, деҳқон ва фермер хўжаликларини кафолатли сув билан таъминлашга хизмат қилмоқда. Мутахассислар таъкидлаганидек, ҳар бир тозаланган канал — бу ҳосилдорлик ва самарадорликка қўйилган мустаҳкам қадамдир.

Ғаллаорол туманидаги “Мулкуш” канали қирғоқлари бўйлаб эса Яшил макон умуммиллий ҳаракати доирасида кўчат экиш ишлари ташкил этилди. Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган экологик барқарорлик тамойилларининг амалий ифодаси сифатида ҳудудда яшил ҳимоя йўлакларини барпо этишга хизмат қилмоқда.  

Арнасой тумани “Туркистон” ҳудудидаги лоток тармоқларида амалга оширилган тозалаш ишлари ҳам сув ўтказувчанликни ошириш ва тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш имконини берди. Мутахассислар фикрича, ирригация тизимидаги ҳар бир яхшиланиш — қишлоқ хўжалиги ерларига барқарор сув таъминоти демакдир.

Мазкур ишлар Ўзбекистон — 2030 стратегиясида белгиланган сув ресурсларини тежаш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этиш вазифалари билан уйғунликда амалга оширилмоқда. Стратегия доирасида ирригация тармоқларини реконструкция қилиш, рақамлаштириш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш орқали йўқотишларни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилган.

Шу маънода, жойларда амалга оширилаётган ҳар бир амалий қадам — бу оддий техник тадбир эмас, балки “Янги Ўзбекистон”нинг экологик хавфсиз, барқарор ва фаровон келажагига қаратилган мустаҳкам пойдевордир. Сув — ҳаёт манбаи. Уни асраш ва самарали бошқариш эса тараққиётнинг энг ишончли кафолатидир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири