Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқадиган касалликлардан сақланинг
17:39 / 2022-05-17

Кунлар исиши билан бозор расталарида қуёш нуридан тўйинган сархил мевалар халқимиз дастурхонига тортиқ қилинади. Болажонлар куннинг жазирамасидан салқинланиш учун ариқ ва анҳорлар, ҳавза ва фавворалар сари ошиқади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари дунёдаги кўплаб касалликлар сув, яхши ювилмаган мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқишини қайд этишади. Шу боис баҳор ва ёз фаслида кўп учрайдиган касалликлардан сақланиш учун эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатлар ҳақида маълумотга эга бўлиш фойдадан ҳоли эмас.

Бу мавсумда ич терлама, паратиф, бактериал дизентерия, озиқ-овқат токсико-инфекцияси каби юқумли ичак касалликлари кўп учрайди ва уларнинг ҳар бирини маълум турдаги қўзғатувчиси бўлиб, клиник кечиши ҳамда эпидемиологияси билан фарқланади.

Ичак инфекциялари учун касаллик қўзғатувчисининг оғиз орқали кириши ва меъда-ичак йўлида тез кўпайиши кузатилади. Касаллик қўзғатувчилари соғлом одамга ифлосланган сув, озиқ-овқат маҳсулотлари, беморга қарашда ишлатиладиган буюмлардан фойдаланиш, ўйинчоқлар, ўрин-кўрпа, чойшаб ва бошқалардан юқиши мумкин. Шу билан бирга, ичак инфекцияларининг тарқалишида пашшалар ҳам асосий ўрин тутади.

Ичак инфекцияси қўзғатувчилари меъда-ичак йўли фаолиятини бузибгина қолмасдан, марказий асаб тизимини ҳам шикастлайди.

Ич терлама ёки қорин тифи ҳам юқорида айтилгани каби ўткир юқумли касалликлардан бири бўлиб, бунда беморнинг иситмаси кўтарилиб, ичи бузилади ва баданига тошма тошади.

Ич терлама микроблари ташқи муҳитдаги (сув, тупроқ, озиқ-овқат ва бошқа) намликка, қуёш нури тушиш-тушмаслигига қараб бир қанча вақт тирик туради. Ариқ, ҳовуз, дарё сувининг ифлосланиши, шунингдек, сабзавот, ҳўл мева, сут ва бошқа овқатларга пашша қўниши ич терлама юқишига сабаб бўлиши мумкин. Касаллик микроблари озиқ-овқатга ифлос қўлдан, сабзавотга эса нажас билан ўғитланган дала тупроғидан ўтиши мумкин. Қулай шароитда касаллик микроблари сут ва суюқ овқатда ҳам кўпаяди.

Ич терлама микроблари одам организмига оғиздан кириб, ингичка ичакка ўтади ва унинг деворларидаги лимфа тугунларда кўпайиб, уларни яллиғлантиради. Шундан сўнг бошқа аъзо ва тўқималарга тарқалиб, янги яллиғланиш ўчокларини яратади. Микроблар жигар, ўт йўллари, ўт пуфаги, кўмик ва буйракларга ўрнашиб олса, сурункали бактерия ташувчиликка олиб келиши мумкин.

Ич терлама юққандан 10 – 21 кун (яширин давр) ўтгач, беморда дармонсизлик кузатилади, баданида оғриқ кучаяди, боши оғриб, уйқу ва иш-таҳа йўқолади. Иситмаси кўтарилиб, биринчи ҳафтада 39 – 40° га етади ва шу даражада туради. Касалликнинг дастлабки даврида бемор тили караш бойлаб, оғзидан ёқимсиз ҳид келади, баъзан жигар ва талоқ катталашиб, ичи келмайди, қоринда дам пайдо бўлиб, бемор лоқайд бўлиб ётади (апатия), териси қўлга иссиқ ва қуруқ туюлади. Касалликнинг 9 – 12-куни бемор баданида (аксар ҳолларда қорнида) теридан салгина кўтарилиб турадиган оч пушти, юмалоқ доғлар кўринади, улар бармоқ билан босилганда йўқолади.

Тил қуруқ, икки чети ва учи қип-қизил бўлади, касаллик белгилари аниқ кўринадиган давр бемор ҳаёти учун кўпроқ хавф туғдиради. Бу даврдан кейин касалликнинг асосий белгилари секин-аста пасая бошлайди. Бемор тўла қувватга киргунча камида 4-5 ҳафта ўтади.

Касалликка чалинган беморлар орасида уй шароитида даволанишни хоҳловчилар ҳам учрайди ва нотўғри танлов. Одатда беморни даволаш ва парвариш қилиш учун шифохонанинг алоҳида бўлимига ётқизиш талаб этилади. Шифокор назоратидаги беморга иситмаси тушгунга қадар ўтириш ва юришга рухсат берилмайди. Оғзи пахта ёки дока билан артиб турилади.

Ич терламада беморни тўғри овқатлантириш даволашнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Овқат ичакка зўр келмайдиган, етарли калорияли, витаминли, турли-туман бўлиши керак. Бу вақтда беморга сут, қатиқ, қаймоқ, сариёғ, кисель, ширгуруч, кам ёғли шовла, компот, қиймаланган гўшт, қайнатма шўрва суви, пишириб эзилган сабзавотлар бериш мумкин.

Касалликка чалинган беморнинг ичи юриб туриши назорат қилинади, зарур ҳолда ҳуқна қилиш керак. Унинг идиш-товоғи ишлатилгандан кейин ҳар гал қайнатилади, беморга тутиладиган тувак иссиқ сувда ювилади ва 5 фоизли хлорли оҳак эритмаси ёки 3 фоизли лизол эритмасига ҳўлланган латта билан артилади. Кир кийимлар 3 фоизли хлорли оҳак эритмаси билан ҳўлланган махсус халтага йиғилиб, дезинфекция қилинади, сўнг ювилади. Уйни йиғиштириш ва тозалашдан чиққан ахлат ёқилади.

Касалликдан сақланиш учун кундалик ҳаётда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш талаб этилади. Қайнатилмаган сув ва пиширилмаган сут ичмаслик, ювилмаган ҳўл мева ҳамда сабзавот емаслик, овқатдан олдин албатта қўлни ювиш, мева, озиқ-овқатни пашша тегмайдиган жойда сақлаш, ҳожатхонани озода тутиш муҳим.

Нодира ШОНАЗАРОВА,

Самарқанд давлат тиббиёт университети ўқитувчиси