Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув ва оқова хизматларида қонунбузарликлар камаймоқда
15:26 / 2026-02-26

Мамлакатимизда сув таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасида ислоҳотлар изчил олиб борилаётганига қарамасдан, жойларда ноқонуний уланиш ва қонунбузарликлар ҳолатлари кузатилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар ҳақида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов брифингда маълумот берди.

Таъкидланишича, аҳоли орасида тўлов интизомини шакллантириш, марказлашган тоза ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида жойларда қонунбузарликлар аниқланиб, етказилган зарар тегишли тартибда ундирилмоқда.  

Жорий йилда назорат органлари билан ҳамкорликда 599 та ноқонуний ҳолат аниқланган. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткичлар Фарғона вилоятида – 129 та, Хоразм вилоятида – 85 та, Қашқадарё вилоятида – 69 та, Навоий вилоятида – 49 та ҳолатни ташкил этган. Ушбу қонунбузарликлар туфайли дастлабки ҳисоб-китобларга кўра жамият манфаатларига 2,4 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилган бўлиб, шундан 202 млн сўмлик зарарнинг қопланиши таъминланган.

– Сув таъминоти ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш амалдаги қонунчиликда жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов. – Шу боис истеъмолчилар орасида тўлов интизомини яхшилашга қаратилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Қарздорликларни қисқартириш мақсадида эса, 15,4 минг нафар истеъмолчи бўйича фуқаролик ва иқтисодий судларга 51,8 млрд сўмлик даъво аризалари киритилган, шунингдек, республикада 3,8 минг нафар истеъмолчи  сув таъминоти тармоғидан вақтинча узилган. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган.

Ҳисобот даврида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида истеъмолчиларнинг дебитор қарздорликлари ўтган йил билан солиштирилганда 349,1 млрд сўмга, яъни 37 фоизга қисқартирилган.

Шунингдек, брифингда аҳоли учун замонавий тўлов воситаларидан фойдаланиш имкониятлари яратилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Сув таъминоти ва канализация тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари ҳақида маълумотга эга бўлганлар акциядорлик жамиятининг 55 503-10-55 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари ёки ижтимоий тармоқлар, хусусан, Телеграм мессенжеридаги махсус гуруҳ орқали хабар беришлари мумкинлиги қайд этилди.

Нилуфар Бозорова, ЎзА