Сирдарё вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув муаммоларини бартараф этиш ва қулай инфратузилма яратиш долзарб ва муҳим масалалардан ҳисобланади. Бир неча йил муқаддам бу соҳада ечим талаб қилувчи масалалар кўп эди. Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматнинг аҳоли турмуш даражасини ошириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва санитария-гигиена шароитларини яхшилашга қаратилган фармон ва қарорлари бу муаммоларнинг амалий ечими бўлди.
Ана шу ишлар самараси ўлароқ, 2025 йил давомида республика бюджети ва халқаро молия институтлари кредитлари ҳисобига 25 та объектда 154,6 км ичимлик суви ва 68,8 км оқова сув тармоқлари барпо этилди. Шунингдек, 34 та ичимлик суви ва оқова иншооти қурилди. Гулистон шаҳрида аҳолини 24 соат давомида ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 64 километрлик тармоқ янгиланди, бу эса 22 минг хонадон, яъни 102 минг нафар аҳолининг сув таъминоти сифатида сезиларли натижа берди. Янги “горизонталь бурғилаш” технологияси қурилиш харажатлари ва вақтни тежаш имконини берди.
– Сув таъминоти тизимидаги модернизация давомида 60 та резервуар ва 498 та сув минораси тозаланди, ювилди ва зарарсизлантирилди. Шунингдек, 2025–2026 йилги куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида 151 та насос ускуналари ва 22 км ичимлик ҳамда оқова сув тармоқлари тўлиқ таъмирдан ўтказилди. Энергия самарадорлиги паст бўлган 23 та насос замонавий энергия тежамкор насослар билан алмаштирилди, – деди Гулистон шаҳрида “Сирдарё сув таъминоти” АЖ ҳамда Сирдарё вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этган “Сирдарё сув таъминоти” АЖ раҳбари Шаҳбоз Акромов.

Корхона маблағлари ҳисобига сув иншоотларига 38 та сув ҳисоблагичлари ўрнатилди. Шу билан бирга, аҳолини асосий ичимлик суви билан таъминловчи “Бешбулоқ” ва “Тўрттом-Сирғали” сув иншоотлари рақамли сув ҳисоблагичлар билан жиҳозланиб, марказлаштирилган ҳолда “SCADA” тизимига интеграция қилинди. Бу сув таъминоти тизимини рақамли мониторинг ва самарали бошқариш имконини беради.
Ичимлик сувига бўлган талабни қондириш мақсадида 11 та туман ва шаҳарлардаги авария-тиклаш бирикмалари тубдан такомиллаштирилди, зарур техникалар билан таъминланди ва эҳтиёждан келиб чиқиб асбоб-ускуналар захираси яратилди. Шунингдек, 3 та марказий лаборатория миллий стандарт талабларига тўлиқ мувофиқлиги таъмнланди.
2025 йилда дебитор қарздорликни камайтириш мақсадида 8,6 минг истеъмолчи тармоқдан узилди, 9,2 минг истеъмолчи қарздорлиги суд орқали ундирилди ва 9,3 минг истеъмолчи ихтиёрий равишда қарзини тўлади. Бу орқали дебитор қарздорлик икки баравар камайтирилди.

Ушбу йилда 20,7 минг истеъмолчи сув ҳисоблагичлари билан таъминланди, қамров даражаси 84 фоиздан 95 фоизга кўтарилди. Якунда 16 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди ва 100 минг нафарга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
2026 йилда сув таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш учун “Инвестиция” дастури доирасида 18,1 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда. Бу маблағ ҳисобига 7,5 км ичимлик суви тармоғи, 3,5 км оқова сув тармоғи, 2 та ичимлик суви ва 2 та оқова сув иншооти қурилиши ва реконструкцияси амалга оширилади. Шунингдек, “Тикланиш ва тараққиёт” жамғармаси маблағлари ҳисобига 24 та маҳаллада канализация тизимлари барпо этилади. Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига эса 73 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2026 йил якунида 44 мингдан ортиқ, шу жумладан 9 минг нафар аҳоли илк бор сув таъминоти билан таъминланади ва марказлашган ичимлик суви таъминоти даражаси камида 89,5 фоизга етказилади.
Анжуман якунида “Сирдарё сув таъминоти” АЖ ҳамда Сирдарё вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси раҳбар ходимлари томонидан тизимда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида ОАВ ходимлари саволларига атрофлича жавоб берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири