Ўзбекистон Экологик Партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Хамзаев Сирдарё туманидаги “Исломобод” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла еттилиги ва аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди. Тадбир давомида маҳалла аҳолиси томонидан кўтарилган экологик ва қишлоқ хўжалиги масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Суҳбатда асосий эътибор сув таъминоти ва ер шўрланиши масалаларига қаратилди. Хусусан, шоли экиш натижасида ернинг шўрланиши кузатилаётгани қайд этилди. Муаммони бартараф этиш ва ерларни самарали ҳимоя қилиш мақсадида маҳаллаларда сув ўлчагичлар ўрнатиш, ернинг шўрланиш даражасини мунтазам мониторинг қилиш ва тегишли ваколатли органлар билан тезкор алоқаларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда Сув хўжалиги вазирлиги ва маҳаллалардаги тегишли мутасаддилар билан телефон орқали тезкор алоқа ўрнатилди ва зарур тавсиялар берилди. Бундан ташқари, агрохимия соҳасидаги олимлар туман ҳудудида ер шўрланиши сабабларини аниқлаш ва қишлоқ хўжалигини ҳимоя қилиш бўйича амалий тадбирларни бошлаш учун жалб қилинди.
Шунингдек, мулоқотда оқ пашшалар кўпайиши ва уларнинг Қозоғистондан кириб келиши масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бу борада Карантин институти ректори Азимжон Анорбоев билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Туман аҳолиси томонидан кўтарилган масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилиши учун партия депутати ва фермер Фарҳод Гаипов фермерлар ва томорқачиларни қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли топшириқлар олди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири