English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув тошқинидан талофат кўрган болалар боғчаси қайта тикланди
15:58 / 2021-01-07

Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Сардоба” сув тошқинидан талофат кўрган 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти бухоролик қурувчилар томонидан капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.

Бундан салкам 35 йил муқаддам қурилиб, анчагина нураб қолган 11-сонли МТТ тошқинидан сўнг янада аянчли аҳволга келиб, у ердаги жиҳозлар фойдаланишга бутунлай яроқсиз бўлиб қолган эди.  

Техноген ҳолатдан кўрилган талофатларни бартараф этиш учун Бухоро вилоятидан келган “Саломов Усмон Астанович” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари 3 миллиард 500 миллион сўм сарф-харажат қилиб, мактабгача таълим ташкилотини тўлиқ капитал таъмирдан чиқарди.  

Фойдаланишга топширилган МТТда барча қулайликлар яратилиб, замон талаблари даражасидаги қаттиқ, юмшоқ болалар мебеллари, турли ўйинчоқлар, ўзбек ва жаҳон халқлари эртак китоблари, мусиқа чолғу асбоблари, спорт ва бошқа зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди.

Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда Сирдарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси, туман ҳокимлиги, меҳнат фахрийлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Қуръон тиловат қилиб, ўтганлар ёд этилди. Юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик тилаб, турли бало-қазолардан асрашлиги, Юртбошимизнинг азиз бошлари омон бўлишини Яратгандан сўраб, дуолар қилинди. Шундан сўнг жонлиқ қурбонлик қилиниб, унинг гўшти шу маҳалладаги эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга эҳсон қилинди.  

Тантанали очилиш маросимда, сув тошқинини бартараф этишда ва мазкур мактабгача таълим муассасасини капитал таъмирлашда фидоийлик кўрсатган “Саломов Усмон Астанович” МЧЖ раҳбари Ғуломжон Аминов, иш бошқарувчи Азимжон Ризаев ҳамда қурилиш ишларида фаоллик кўрсатган қурувчиларга туман ҳокимлиги ҳамда мактабгача таълим бўлими томонидан зарбоб тўн ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Қайта фаолиятини бошлаган ушбу МТТда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 175 нафар болажонлар ёш тоифасига қараб 7 та гуруҳга бўлинди. Уларга 42 нафар малакали мутахассислар таълим-тарбия бериш билан бирга, МТТ қошидаги рус ва инглиз тиллари, мусиқа, тасвирий санъат, жисмоний тарбия ва бошқа тўгаракларида ҳам сабоқ бериб борилади.

– Туманимизда салкам 7 мингга яқин 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болажонлар истиқомат қилади, – дейди Мирзаобод туман мактабгача таълим бўлими мудири Элдор Ўролов. – Айни пайтда, 17 та давлат, 2 та давлат шерикчилиги асосидаги хусусий ва 54 та нодавлат оилавий мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритиб, уларда халқимизнинг жами 6 минг 400 нафар фарзандларига таълим-тарбия берилмоқда.  

 

Бугунги кунда, 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг МТТлар билан қамраб олиниш даражаси 71 фоизни ташкил этиб, жорий йилда туманимизда яна 2 та давлат тасарруфидаги ва 1 та давлат шерикчилиги асосидаги хусусий МТТ қурилиб фойдаланишга топширилса, болаларини қамраб олиниши 80 фоиздан ортади. 2023 йилга бориб эса 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар 100 фоиз тўлиқ қамраб олинади.  

А.ҚАЮМОВ,  Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА