Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳисобига ҳар йили 5 миллиард метр куб сув тежалади
11:13 / 2026-02-10

Минтақамизда сув йилдан йилга танқис бўлиб бораётган шароитда муаммонинг энг мақбул ечими –сув тежовчи технологияларни татбиқ этиш эканини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, сув тежовчи технологияларнинг томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет усулда суғориш усуллари деҳқонларимиз ўртасида оммалашиб бормоқда. Бунда давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлар муҳим ўрин тутмоқда.

Шу талаблар асосида Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан бу борада янги тартиблар ва имтиёзлар жорий этилмоқда.

Хўш, ушбу қарорда қандай янги тартиблар ва имтиёзлар кўрсатиб ўтилган? Бу саволга Сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Суюнов қуйидагича жавоб берди:

– Қарорда 2026-2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳажмини 3,5 миллион гектарга етказиш асосий мақсадли кўрсаткич сифатида белгиланган. Жумладан, 220 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 110 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш, 600 минг гектар майдонни лазерли текислаш кўзда тутилган. Натижада сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳисобига ҳар йили 5 миллиард метр куб сув ресурсларини тежашга эришилади.

2026 йилда сув тежовчи технологияларни жорий қилишни кенгайтириш учун тижорат банклари томонидан 2,6 триллион сўм кредит маблағлари ажратилади ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 800 миллиард сўм субсидия маблағлари йўналтирилади. Шунингдек, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича Хитойнинг Шинжон тажрибаси асосида мутахассис кадрлар малакасини тизимли ошириш йўлга қўйилади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби жорий қилинади. Унга кўра, 2027 йилдан бошлаб ҳар йили сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси ва субсидиялар суғориладиган ер майдонларининг сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади. Сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудда жойлашган суғориладиган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинганда ажратиладиган субсидиялар 1,25 оширувчи коэффициент қўлланган ҳолда ҳисобланади. Сув билан барқарор таъминланган ҳудудда жойлашган суғориладиган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинмаганда эса сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробар оширилган миқдорда қўлланилади.

Мазкур ҳужжатга биноан 2027 йилдан бошлаб шоли етиштириладиган майдонларнинг сувнинг кириш қисмига ҳамда балиқчилик хўжалиги ташкил қилинган ер майдонларининг сувнинг кириш ва чиқиш қисмига тадбиркорлик субъектлари ўз маблағлари ҳисобидан “ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш воситаларини ўрнатиши мажбурий этиб белгиланади. Бунда “ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш воситалари ўрнатилмаганда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга оширилган миқдорда ҳисобланади. Мазкур воситалар Сув хўжалиги вазирлигининг “Сув ҳисоби” ахборот тизимига интеграция қилинади, балиқчилик хўжаликлари фойдаланилишида бўлган балиқ етиштириш объектларига эса фақат Сув хўжалиги вазирлигининг тегишли хулосаси бўлган тақдирда сув лимити ажратилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий қилишда таъминотчи корхоналар ва ташаббускорларга сув тежовчи технологияларнинг насос ва фильтр қурилмаларини рақамли QR-кодли махсус ёрлиқланган белги остида ишлаб чиқариш ва сунъий йўлдош кузатув тизими, яъни GPS-трекер ўрнатиш тизими жорий этилади. QR-кодда ишлаб чиқарувчи ташкилот номи, маҳсулот ишлаб чиқарилган сана, маҳсулот етказиб берилган субъект номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами акс эттирилиши лозим бўлади.

Қарорда молиявий ресурслар ва имтиёзлар ҳам белгилаб берилган. 2026 йил 1 октябрдан бошлаб сув тежовчи технологияларни банк кредитларини олмасдан ўз маблағлари ҳисобидан жорий қиладиган ташаббускорларга субсидия ажратишнинг янги тизими жорий этилади. Унга мувофиқ, лойиҳа ташаббускори томонидан сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун белгиланган минимал талаб ва меъёрлар доирасида лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади.

Сув тежовчи технологиялар лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ўрнатилиб, фойдаланишга топширилганидан сўнг ҳисоб-китоб қилинган субсидия маблағларининг қолган 50 фоизи лойиҳа ташаббускорига тўлаб берилади. Агар дастлабки 50 фоиз тўлаб берилганидан сўнг икки ой муддат ичида технологиялар ўрнатилиб ишга туширилмаса, ажратилган субсидиялар белгиланган тартибда қайтарилади.

Мухтасар айтганда, ушбу қарор республикамизда мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш ва бу борадаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

ЎзА мухбири 

Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.