Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув тежовчи технологияларни жорий этиш – долзарб вазифа
16:31 / 2023-09-29

Йилдан йилга аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиётнинг жадал ривожланиши натижасида сувга бўлган талаб ортиб бормоқда. Бу эса қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона ва тежаб фойдаланишни тақозо этмоқда.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилгача бўлган даврда сувга бўлган глобал талаб 55 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Тахминларга қараганда, ўртача йиллик ҳарорат 2 даражага кўтарилса, музликларнинг эриши 50 фоизга, агарда 4 даражага кўтарилса, бу кўрсатгич 78 фоизгача етади.

Энг кўп сув талаб этиладиган соҳалардан бири эса, шубҳасиз, қишлоқ хўжалиги соҳасидир. Демакки, сув тақчиллиги муаммоси юзага келаётган бир вақтда ундан оқилона ва тежаган ҳолда фойдаланиш даркор.

Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Қизилтепа туманига сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида пресс- тур ташкил этилди.

Бугунги кунда Қизилтепа туманида 32 минг 360 гектар суғориладиган экин ер майдони мавжуд бўлиб, унинг 7, 1 минг гектарини пахта, 10 минг 972 гектарини ғалла ва 14 минг 288 гектарини бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ва аҳоли томорқалари ташкил этади.

– Туманимизда суғориладиган экин ерларининг 3 минг 323 гектар қисмида сув тежовчи технологиялар жорий этилган, – дейди “Тошработ – Ўртачўл” ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Адҳам Фаттоев. – Шундан 2023 йилда 1080 гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган. 2019-2023 йиллар мобайнида сув тежовчи технологиялар орқали суғорилган ерларга сарфланган сув миқдори 50 фоизга тежалиши натижасида қарийиб 15 миллион куб метр сув иқтисод қилинди.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, эгатлаб суғориш жараёнида бир гектар ғўза учун тахминан 5 минг метр куб сув, 650 кг азот, 150 кг фосфор, 100 кг калий ишлатилади ва минерал ўғитларнинг 25-30 фоизини ўсимлик ўзлаштиради. Қолган қисми эса ҳавога буғланади ва сув билан бирга ташламага ҳамда ер ости сизот сувларига чиқиб кетади. Сув тежовчи ускуналарнинг жорий этилиши эса минерал ўғитлар сарфини ҳам 50 фоизгача қисқартириш имконини беради. Шунингдек, бегона ўтлар қўшимча озиқлантирилмаганлиги ва уларнинг уруғи пишиб етилмаганлиги сабабли майдон бўйлаб тарқалиши кузатилмайди. Натижада 2-3 йилда экин майдони бегона ўтдан бутунлай тозаланади.

Томчилатиб суғориш тизимининг жорий этилиши натижасида сув ва минерал ўғитлар билан ишлов беришдан ташқари бошқа ресурслар ҳам тежалади. Жумладан, далани суғоришга тайёрлаш, сувни бошқариш ва эгатлар орасида назорат қилиб юриш шарт эмас. Дала культивация қилинмайди ва ўқ ариқ олинмайди. Одатдаги усулда далага трактор 25-30 марта кирса, томчилатиб суғорилганда тупроқ қотиб кетмаслиги ва ўғит сув билан берилганлиги боис 6-7 марта киради, холос. Натижада мавсум давомида ҳар гектар майдондан 50-60 фоизгача дизель ёқилғиси тежалади. Шунингдек, меҳнат унумдорлиги ошиб, ишчилар сони қисқаради ва иш ҳақи харажатлари иқтисод қилинади.

Албатта, ҳосилнинг эрта пишиши, намликнинг ўсимликлар илдиз тизимига аниқ тушиши ва ўғитларни ўзлаштириш самарадорлиги ортиши ҳисобига харажатларнинг экин турига қараб бир гектар учун 30-70 фоизгача камайиши деҳқоннинг даромади кўпайиши деганидир. Шунингдек, экин ҳосилдорлигининг кўпайиши ва етиштирилган маҳсулотнинг сифатли бўлганлиги ҳам ўз-ўзидан даромад ошишига олиб келади.

Айни пайтда “Анвар бобо янги замини” фермер хўжалигида 15 гектар майдонга ғалла экилиб, ёмғирлатиб суғориш тизими жорий этилмоқда.

– Фермер хўжалигимиз жорий йилда ташкил этилган бўлиб, мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда сув тежовчи технологиялардан фойдаланишга қарор қилдик, – дейди фермер Анвар Фаттоев. – Бунинг учун банкдан 250 миллион сўм имтиёзли кредит олдик. Кредитимизнинг 5 фоизи махсус жамғармадан қоплаб берилади. Шунингдек, ҳар бир гектар майдонга 8 миллион сўмдан субсидия ажратилади. Бу ҳам биз фермерларга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан биридир.  

“Тошработ – Ўртачўл” ирригация тизими бошқармаси тасарруфида Абомуслим, Янгиариқ, Зарметан, Маликобод, Ўртачўл ва Навоий канал участкалари мавжуд бўлиб, экин ер майдонларини сув билан таъминлашда 21 та хўжаликлараро каналнинг узунлиги 193,1 км.ни ташкил этади. Уларда 214 та гидротехник иншоот ва 103 та гидропост мавжуд.

[gallery-13800]

– Абомуслим канали секундига 15 метр куб сув ўтказиш имкониятига эга, - дейди бошқарма бошлиғи А.Фаттоев. – Канал орқали Ғоридевон, Бўстон, Оқ олтин, Ванғози ҳудудларидаги 7 минг 974 гектар экин майдонлари суғорилади. Бу ҳудудларга каналдан чиқувчи 6 та сув тақсимлаш иншооти орқали хизмат кўрсатилади.

Пресс-тур якунида матбуот анжумани ташкил этилиб, ОАВ вакиллари туманда сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА