Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув тежовчи технологиялар учун ажратилган маблағларнинг атиги 10 фоизи ишлатилган
17:10 / 2022-09-23

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 40 та вазирлик ва идораларнинг 2022 – 2024 йиллар учун бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ 118 та ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлари тасдиқланган. Айни кунларда мазкур индикаторларнинг бажарилиши юзасидан вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида эшитилмоқда.

Жумладан, бугун парламент қуйи палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасининг 2022 йил учун бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторлар бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.

— 2022 – 2024 йиллар учун биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет харажатлари ва ривожлантириш дастурларининг мақсадли индикаторларида белгиланган вазифалар ва дастурлар ижроси учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 615,7 миллиард сўм, Сув хўжалиги вазирлигига 3 440 миллиард сўм, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига 516,6 миллиард сўм, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига жами 186,6 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган, — деди қуйи палатанинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов. — Бугунги эшитувимиз давомида мазкур йўналишларда ишлар амалга оширилган ишлар таҳлил қилинади.

Йиғилишда дастлаб, сув хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Мирзаев ахборот берди:

— Сув хўжалиги вазирлигига давлат бюджетидан ажратилган 3 440 миллиард сўм маблағ ҳисобига қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган, — деди вазир ўринбосари. — Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида белгиланган ишлар босқичма-босқич бажарилмоқда. Жумладан, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш дастури доирасида сув хўжалиги объектларининг ишончли ва хавфсиз ишлаши ҳамда сув ресурсларини самарали бошқариш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсади бўйича шу йилнинг биринчи ярим йиллигида 5 миллиард сўм ўзлаштирилди. Сув хўжалиги иншоотларида реал вақт режимида сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш учун “Smart Water” тизимини жорий этиш мақсадида 211 та ускуна ўрнатилди.

Йиллик режа 42 фоизга бажарилди. Бундан ташқари, насос станцияларида электр энергияси истеъмоли ва сув миқдорини онлайн режимда мониторинг қилиш тизими жорий этиладиган нуқталар бўйича йиллик режа тўлиқ ижро қилинган. Томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш эвазига сувни иқтисод қилиш бўйича режалаштирилган ишлар 8 фоизга бажарилган. 32 минг гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш белгиланган бўлиб, амалда 10-15 фоиз иш бажарилган. Шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари учун тижорат банкларидан кредит ажратиш учун 3,9 триллион сўм белгиланган бўлиб, амалда режанинг 82 фоизи бажарилган, — деди вазир ўринбосари.

Шундан сўнг Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Сирожиддин Бердиқулов ушбу соҳадаги ишлар хусусида ахборот берди:

— Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига режа бўйича давлат бюджетидан субсидия учун 235 миллиард сўм маблағ белгиланган ва 100 фоиз ўзлаштирилган. Ушбу маблағлар доирасида субсидия ажратишда давлат томонидан қўллаб-қувватланган хўжаликлар етиштирган гўшт маҳсулотлари 76 фоиз, сут маҳсулотлари 106,5 фоиз, парранда гўшти маҳсулотлари 104,7 фоиз, тухум маҳсулотлари 101 фоиз, интенсив усулда етиштириладиган балиқ маҳсулотлари 111 фоизга бажарилган. Ҳайвонларни вакцинациялаш доирасидаги ишларга тегишли маблағлар йўналтирилиб, 26,3 миллион бош моллар эмланган.

Йиғилишда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасининг “Яйлов хўжалигини ривожлантириш”уюшмаси раиси Эркин Ҳайитовнинг ҳам ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, тутзорларда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш ҳамда бурғиланган қудуқлар учун субсидиялар дастури доирасида 20,7 миллиард сўм, қоракўлчилик кластерларига сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станцияларини қуриш учун 20 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилгани таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга, 2022 йил 1 сентябрь ҳолатига 14 минг 106 дона қоракўл териси экспорти амалга оширилди. Бу ўз навбатида, 700 миллион сўмдан ортиқ субсидия маблағларига зарурат борлигини кўрсатади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддиларининг соҳага оид ахборотида келтирилганидек, соҳа корхоналари ва бирлашмалари шериклигида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспортдаги улуши (жами экспортга нисбатан) 1 сентябрь ҳолатига 15 фоизга етказилиб, режа 83 фоизга бажарилди. 2022 йилда бошоқли доннинг ўртача ҳосилдорлигини 66 центнерга етказиш белгиланган. Ушбу кўрсатгич 69,7 центнерга етказилди ва режа 106 фоизга бажарилди. Жорий йилда умумий экин майдонлари таркибида озуқа экинлари майдони улушини (жами ер майдонига нисбатан) 12 фоизга етказиш режалаштирилган. Ҳисобот даврида мазкур кўрсатгич 100 фоизга бажарилди.

Йиғилишда депутатлар вазирлик ва қўмиталарга айрим эътирозларини билдирди. Хусусан, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун ажратилган маблағларнинг атиги 10 фоизи ишлатилгани, вазифа паст даражада бажарилгани танқид қилинди. Айрим рақамларда номутаносибликлар борлиги қайд этилди.

Сув хўжалиги вазирлигига юклатилган томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш ҳисобига минерал ўғитларнинг иқтисод қилиниши 8 фоизга, томчилатиб суғориш тизими жорий этиладиган пахта майдонлари 15 фоизга бажарилгани айтилиб, давлат томонидан маблағ берилишига қарамасдан ушбу кўрсаткичлар пастлиги ҳамда шўрланган ер майдонларининг умумий суғориладиган майдонлардаги улушини камайтириш бўйича вазифалар ижро этилмаганлиги эътирозларга сабаб бўлди.

Савол-жавоблардан сўнг ҳар бир вазирлик ва идораларнинг мақсадли индикаторлари ижросида йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан аниқ ва қатъий чоралар кўриш бўйича таклифлар берилди. Вазирлик ва идораларнинг мақсадли индикаторлар ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари тизимли назорат қилиниши айтиб ўтилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА