French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув тежовчи технологиялар — самарадорлик гарови
14:05 / 2025-10-25

Сайхунобод туманида сув тежовчи замонавий агротехнологияларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида амалий семинар ўтказилди. Тадбир “Dah poly tex” масъулияти чекланган жамиятининг дала майдонида бўлиб ўтди ва унда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи тизимларни кенг жорий қилиш борасидаги илғор тажрибалар намойиш этилди.

Семинарда туманда фаолият юритаётган кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, аграр соҳадаги мутахассислар ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Уларга “Dah poly tex” МЧЖ томонидан 100 гектар ер майдонида жорий этилган замонавий суғориш тизимлари амалиётда кўрсатиб берилди. Хусусан, майдоннинг 50 гектарида ёмғирлатиб суғориш, қолган 50 гектарида эса томчилатиб суғориш технологияси татбиқ қилинган бўлиб, бу тизимлар Хитой тажрибаси асосида маҳаллий шароитга мослаштирилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу технологиялар орқали суғоришда сув сарфи сезиларли даражада тежалмоқда, ҳосилдорлик кўрсаткичлари ошмоқда, меҳнат унумдорлиги эса яхшиланмоқда. Шу билан бирга, ернинг унумдорлиги сақланиб, сув таъминотига боғлиқ хавф-хатарлар камаймоқда.

Семинар давомида иштирокчилар томонидан сув тежовчи тизимларнинг иқтисодий ва экологик афзалликлари муҳокама қилинди, амалиётдаги қийинчиликлар ва имкониятлар ҳақида фикр алмашилди. Савол-жавоблар жараёнида иштирокчилар ўзига керакли тавсия ва тушунтиришларни олдилар.

Тадбир якунида мутасаддилар сув тежовчи технологияларнинг самарадорлигини ҳисобга олган ҳолда уларни янада кенгроқ жорий этиш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, фермер ва кластерларнинг замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш салоҳиятини ошириш, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва келгусида ҳар бир ҳудудда шундай илғор тажрибаларни кенг тарқатиш бўйича тавсиялар берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири