Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув тежовчи технологиялар: имтиёз ортида яхши даромад
11:42 / 2022-07-21

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилоят бошқармаси томонидан Шароф Рашидов туманига пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб иштирокчиларга қишлоқ хўжалиги соҳасида сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш борасида олиб борилаётган амалий ишлар, ҳаётга татбиқ этилаётган инновацион технологияларнинг аҳамияти ва унинг афзалликлари, Инспекция томонидан сув ва сув ресурсларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан ўрнатилган назорат тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.

Мутахассислар яқин 15 йил ичида дунё бўйича сув ресурслари танқислиги 40 фоизга етиши мумкинлигини айтмоқда. Бу муаммо сабаб туғилиши мумкин бўлган катта хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимиздаги каби Жиззах вилоятида ҳам томчилатиб ёки ёмғирлатиб суғориш тизимини йўлга қўйиш орқали сувдан мақсадли фойдаланиш чоралари кўрилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни жадаллаштиришда дастуриламал бўлмоқда. Ҳужжатда субсидия маблағлари сувни тежайдиган суғориш тизимлари камида беш йил ишлатилиши шарти билан ажратилиши, шунинг баробарида, 2021 йилда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилганлиги учун давлат бюджетидан субсидия маблағларини олган, бироқ жорий этилган сувни тежайдиган суғориш тизимларини суғориш мавсумида ишлатишга улгурмаган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари мазкур тизимни 2022 йил суғориш мавсумига қадар ишга туширмаган тақдирда олинган субсидия маблағларини белгиланган тартибда давлат бюджетига қайтарилиши белгилаб қўйилган.

[gallery-7982]

“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси, туман бўлимлари ходимлари томонидан доимий назорат ўрнатилиб, бу борада ўрганишлар олиб борилмоқда.

Таҳлилларга кўра, вилоят бўйича 2021 йилда 12 минг 620 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниб, 405 талабгорга субсидия маблағлари ажратилган. Инспекция томонидан ушбу йилда сув тежовчи технологияларни жорий қилган талабгорларга технологияларни 2022 йилги суғориш мавсумида ишга туширмаган тақдирда, субсидия маблағларини белгиланган тартибда давлат бюджетига қайтарилиши юзасидан 60 та огоҳлантирув хати киритилган.

Шароф Рашидов туманида қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларига сув тежовчи технологияларни жорий этишда қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, 2019 йилдан 2022 йилга қадар тумандаги мавжуд 9 минг 300 гектар пахта майдонларининг 4 минг 889 гектари ёки 52,5 фоиз майдонларига сув тежамкор технологиялар ўрнатилди.

Айни вегетация даврига келиб туманнинг 5 минг гектар пахта майдонида ушбу усулдан кенг фойдаланилмоқда.

Оддий усулда 1 гектар пахта майдонига 900 минг метр куб  сув сарфланадиган бўлса, ушбу технология жорий этилгач, сув сарфи 400 минг метр куб, яъни 60 фоиз тежалишига эришилади.

Минерал ўғитлар билан озиқлантиришда гектарига ўртача 600 килограмм сарфланса, ушбу технология 250-300 килограмм ёки 50 фоизгача минерал ўғитни иқтисод қилишга кўмаклашади. Бундан ташқари, ишчи кучи, техника сарф-харажатлари ҳам фойдаланиш ҳам сезиларли даражада қисқаради.

Пресс-тур давомида маълум қилинишича, камчиликларни бартараф этиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида сув истеъмолчиларига 113 та огоҳлантирув хати берилган. Ҳуқуқий баҳо бериш учун 5 та материал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА