ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Учқўрғон туманида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган йили туманда 289 гектар майдонда томчилатиб суғориш, 200 гектарда ёмғирлатиб суғориш ҳамда 30 гектар майдонда дискретли суғориш технологиялари жорий этилган эди.
Жорий йилда эса жами 4000 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш режалаштирилган бўлиб, бу йўналишда 6 та қурувчи ташкилот билан тегишли шартномалар расмийлаштирилди. Айни пайтда 950 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу усулнинг афзалликларини англаган фермерлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Жумладан, жорий мавсумда “Олтин водий” ММТП ҳудудидаги “Гулхумор” фермер хўжалигида 132 гектар, “Деҳқон қаноти” ММТП ҳудудидаги “Шоҳжаҳон Моҳларойим” фермер хўжалигида эса 32 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилмоқда.
Бу чора-тадбирлар қишлоқ хўжалигида сув тежамкорлигини таъминлаш, экинлар ҳосилдорлигини ошириш ҳамда фермер ва деҳқон хўжаликларининг барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, сув йўқотилишининг олдини олиш мақсадида туманда ариқ ва зовурларни бетонлаш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, “Қўғайлик М.Исматуллаев” ММТП ҳудудидаги фермер хўжаликларида ушбу ишлар изчил давом этяпти.
[gallery-27298]
Учқўрғон туман Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси томонидан ирригация тизимини яхшилаш ва сув таъминотини барқарорлаштириш мақсадида амалий ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Хусусан, 2025–2026 йилларда хўжаликлараро ариқларнинг 40 километр қисмини бетонлаштириш режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар 15 километри якунланди. Шунингдек, ички ариқлар бўйича жами 261 километр масофада бетонлаштириш ишлари белгиланган бўлиб, ҳозирга қадар 35 километри тамомланди.
Мазкур тадбирлар сув йўқотилишини камайтириш, суғориш самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли томорқаларини барқарор сув билан таъминлашга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА