Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув тежовчи технологиялар ҳар томонлама қулай
10:30 / 2023-08-18

Жиззах вилояти Арнасой туманида пахта ва ғалла етиштиришда сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш масаласига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят, туман ҳокимликлари, Тошкент давлат ирригация университети олимлари, сув тежовчи технологиялар бўйича туркиялик  мутахассислар, “Агробанк” ва унинг вилоят, туман филиаллари ходимлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди. 

Арнасой тумани вилоятнинг энг чекка ҳудуди  ҳисобланади. Бу ерда йил қурғоқчил келмаган кезлари ҳам сув тақчил бўлади. Сув тежовчи технологиялар мавзусидаги ушбу давра суҳбати учун айнан Арнасой тумани танлангани сабаби ҳам шунда.  

Глобал иссиқлик оқибатида нафақат Ўзбекистон ёки Осиёда балки, бутун дунёда сув танқислиги билан боғлиқ вазият мураккаблашиб бормоқда. Бундай шароитда сувни тежаш ва ҳисобини юритиш ҳар доимгидан ҳам долзарб масалага айланади.  

Арнасой туманида ўтказилган учрашувда деҳқон фермерларга сув ресурсларини тежаш, ундан мақсадли ва самарали фойдаланишда сув тежовчи технологиялар алоҳида аҳамият касб этиши борасида малакали мутахассислар томонидан атрофлича тушунчалар берилди.  

Тадбирда Арнасой тумани ҳокими Хуршид Алимардонов, Тошкент давлат ирригация университети олимлари ва туркиялик мутахассислар пахта ва ғалла етиштиришда сув тежовчи технологиялар қамровини кенгайтириш билан нафақат барча суғориладиган майдонларга сувни етиб боришини таъминлаш мумкинлиги, балки, пахта, ғалла ёки бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан олинадиган маҳсулот сифати ва ҳосилдорлигини сезиларли даражада ошириш мумкинлигини  таъкидлади. 

 – Замонавий суғориш технологияларининг афзаллигига тўхталадиган бўлсак, аввало, унинг катта сув тежаш хусусиятини қайд этиш лозим, – дейди “Агробанк” АТБ Жиззах вилояти бошқармаси ходими Убайдулла Ахманов. – Айтайлик, авваллари дон экилган 1 гектар ерга 900 литр сув сарфланган бўлса, бугунги кунда ёмғирлатиб суғориш орқали бу кўрсаткич 100 – 150 литрни ташкил этмоқда. Қолаверса, экинни озиқлантириш ҳам шу усул орқали бўлгани учун минерал ўғит, ёнилғи ҳамда ишчи кучи, сув сарфи ҳам катта миқдорда тежалади. Яна бир муҳим жиҳати, сув ва ўғитнинг экин туб илдизигача етказилиши ҳисобига ҳосилдорлик камида 20 центнерга ортади.  

– Томчилатиб суғориш пахта, доимий сув талаб қиладиган баъзи экинлардан ташқари, барча боғдорчилик, полиз, сабзавот экинлари учун энг мақбул усул. Ушбу технологияни қўллаш қамровини кенгайтириш билан сув сарфи 10 баробаргача иқтисод бўлади. Ўғит, ёнилғи ва меҳнат сарфи, айниқса, харажат таннархи ҳам сезиларли даражада тежалади. Демак, таннархни камайтириш ҳисобига даромад ортади.  

–Тежамкорлик кўлами қанчалик катта бўлса, самарадорлик ҳам шунга яраша салмоқни ташкил этади. Бу эса ўз навбатида, оби-ҳаёт танқислиги билан боғлиқ мураккаб вазиятларнинг салбий оқибатларини юмшатиш билан янада аҳамиятлидир, – дейди Арнасой туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари Ҳайитбой Азизов.  

Жонли мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида иштирокчилар мавзуга оид ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.    

А.ҚАЮМОВ,  

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА