Кегейли тумани “Жузимбоғ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Бекзод-Азат” фермер хўжалигида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг жорий этиш масалаларига бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди.
Семинар давомида қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган замонавий суғориш усулларини, жумладан, электр энергиясиз, қуёш панеллари орқали ишлайдиган “KAVSAR” тизими технологияларини амалиётга жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Иштирокчиларга ушбу технологияларнинг афзаллиги, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишдаги ўрни ва иқтисодий жиҳатдан самарадорлиги бўйича тушунтириш берилди.

Тадбир давомида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланди. Билдирилган мурожаатлар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига аниқ ва қатъий топшириқлар берилди ҳамда уларнинг ижроси алоҳида назоратга олиниши таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев иштирок этди.
Шу мавзудаги семинар Хўжайли туманида “Шукуруллаева Тўлғаной” фермер хўжалигида ҳам бўлиб ўтди. Унда Хўжайли, Тахиатош, Шуманай, Қонликўл, Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарлари иштирок этишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири