Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг жорий этиш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу соҳада фермер ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга сарфланган харажатларнинг бир қисмини давлат томонидан субсидиялаш механизми йўлга қўйилди.
Бироқ, айрим ҳолларда экин майдонига сув тежовчи технологияларни ўрнатган фермерларга берилиши лозим бўлган субсидияни тўлаш пайсалга солинаётганига ҳам дуч келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонига Сурхондарё вилоятидаги “Элнур Термиз” фермер хўжалиги раҳбари А.Қиличев ва Жиззах вилоятидаги “Серҳосил Соҳибкор даласи” фермер хўжалиги раҳбари С.Турдиқулов сув тежовчи технологияларни жорий этганлик учун белгиланган субсидия маблағлари ўз вақтида ажратилмаётгани ҳақида йўллаган мурожаати бунга яққол мисолдир.
Ўрганиш чоғида “Элнур Термиз” фермер хўжалиги ўтган йил “Агро-субсидия” ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали 25 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб суғориш (спринклер) технологиясини жорий этиб, 2025 йил 15 март куни 63684-сонли ариза тақдим этгани аниқланди. Мазкур аризага асосан 2025 йил 22 март куни 300 миллион сўм миқдорида субсидия ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижобий хулоса берилган.
“Серҳосил Соҳибкор даласи” фермер хўжалиги 23 гектар пиёз майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этгани учун 2025 йил 30 июнда 72834-сонли аризани тақдим этиб, ушбу ҳужжатга кўра, 2025 йил 18 июлда 202 миллион 400 минг сўм миқдорида субсидия ажратиш мақсадга мувофиқ, деб топилган. Шунингдек, фермер 15,2 гектар беда майдонига ҳам ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этиб, 2025 йил 2 августда 78513-сонли ариза киритган ва 4 сентябрь куни 132 миллион 176 минг сўм субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса тақдим этилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги 95-қарорида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш белгиланган. Ҳужжатнинг 2-банди “в” хатбошисида донли, сабзавот, полиз, мойли, дуккакли, озуқабоп экинлар, картошка, доривор ўсимликлар ҳамда шоли экинлари учун ўрнатилган сувни тежайдиган суғориш технологиялари бўйича субсидия маблағларини тегишли муддатда талабгорларнинг ҳисобварақларига ўтказиб бериш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги зиммасига юкланган. Қарор билан тасдиқланган Низомда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги якуний келишилган хулосалар асосида ўн кун ичида “Агро-субсидия” ахборот тизими орқали ҳисоб-китоб қилинган субсидия маблағларини талабгорларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақларига ўтказиб бериши белгиланган.
Бу масалада Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 6 октябрдаги 03/23-1-05/6004 ва 03/23-1-05/6005- хатларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича режалаштирилган маблағлар тўлиқ ўзлаштирилгани, айни пайтда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан қўшимча маблағ ажратиш масалалари кўриб чиқилаётгани маълум қилинган. Бироқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025 йил 17 октябрдаги 03/35-1-3-22729-хатида қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этганлик учун субсидияларга 120 миллиард сўм режалаштирилгани, 2025 йил 16 октябрь ҳолатига ушбу маблағнинг 111,1 миллиард сўми ўзлаштирилгани, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ривожлантириш дастурларини молиялаштириш учун давлат бюджетидан ажратилган маблағлар бўйича 170,6 миллиард сўм ўзлаштирилмаган қолдиқ мавжудлиги қайд этилган.
Бу иш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисидаги қонуннинг 13-моддасига асосан Вакил ўринбосари киритган хулосага мувофиқ “Элнур Термиз” фермер хўжалигига 25 гектар ғалла майдонида жорий этилган сув тежовчи технологиялар учун 300 миллион сўм миқдорида субсидия ажратиш бўйича ижобий хулоса тасдиқланиб, тегишли субсидия маблағи ажратиб берилди.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда вакил мутасаддилари аралашуви билан сувни тежайдиган технологияларни жорий этган фермерлар дуч келган муаммо ўз ечимини топди. Бу мамлакатимизда жорий этилган бизнес-омбудсман институти тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор билан ёндашаётганининг амалдаги яна бир ифодасидир.
Шавкат Яхшиқулов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари
ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил
девонининг Сурхондарё вилоят шўъбаси етакчи инспектори.
ЎзА