Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув тежайдиган технологиялар — аграр соҳада барқарорлик гарови
15:13 / 2025-10-07

Сув – ҳаёт манбаи. Хусусан, аграр соҳада ундан оқилона фойдаланиш ҳосилдорлик ва даромаддорликнинг энг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Бугун сув ресурсларини тежаш, замонавий суғориш тизимларини кенг жорий қилиш орқали ер унумдорлигини ошириш мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида устувор вазифага айланмоқда.

Шу мақсадда Сирдарё туманининг Синдаробод ҳудудидаги “Султон” фермер хўжалигида амалий семинар ташкил этилди. Унда соҳа мутахассислари, масъул ташкилот вакиллари ҳамда ўттиздан ортиқ фермер хўжалиги раҳбарлари иштирок этиб, сув тежайдиган технологияларнинг афзалликлари ва амалиётдаги қўлланилиши ҳақида фикр алмашдилар.

Семинарда Қуйи Сирдарё ирригация тизимларининг ҳавза бошқармаси мутахассислари, Сув хўжалиги вазирлиги вакиллари, шунингдек, туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ходимлари иштирокчиларга яратилаётган давлат имтиёзлари, янги тизимларни жорий қилиш тартиби ва самаралари ҳақида батафсил маълумот беришди.

Амалий машғулотларда эса “Султон” фермер хўжалигида 80 гектар майдонда жорий этилган томчилатиб суғориш тизими намойиш қилинди. Хўжалик раҳбари Нуриддин Ходжабеков ўз тажрибаси билан ўртоқлашар экан, бундай тизимнинг самараси ҳақида шундай деди:

–  Биз  томчилатиб суғориш тизимини жорий қилганимиздан сўнг сув сарфи кескин камайди, ҳосилдорлик ошди, харажатлар эса қисқарди. Давлат имтиёзлари ва мутахассисларнинг тавсиялари эса бу жараённи янада тезлаштиради.

Иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди, тизимдан фойдаланиш жараёнида учраши мумкин бўлган қийинчиликлар ва уларнинг ечимлари муҳокама этилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири