Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув тежашнинг илғор тажрибалари тақдим этилди
14:49 / 2025-12-06

Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигида сувни тежаш, замонавий суғориш технологияларини кенг жорий этиш ва ресурслардан самарали фойдаланишга қаратилган республика миқёсидаги амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбирда сув тежовчи технологияларнинг самараси, улардан фойдаланиш имкониятлари ва учрайдиган муаммолар муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, охирги беш йилда вилоятда 204 минг гектарда ушбу технологиялар жорий этилган.

Семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев раҳбарлигида Сирдарё Савдо-саноат палатаси биносида ташкил этилди. Унда республика даражасидаги вазирлик ва идоралар, шу жумладан Бош прокурор ўринбосари, ИИВ ва Сув хўжалиги вазирликлари раҳбарлари, вилоят сектори ходимлари, тижорат банклари, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва қурилиш–пудрат компанияларидан 500 нафарга яқин мутахассис иштирок этди.

Семинарнинг асосий мақсади сувни тежашда фақат техника ва жиҳозларни ўрнатиш билан чекланмасдан, улардан самарали фойдаланиш бўйича амалиёт кўникмаларини ошириш эди.

Иштирокчиларга сув тежовчи технологияларнинг иқтисодий самараси, уларга берилган имтиёзлар, суғоришдаги исрофни камайтириш усуллари ҳамда “Кавсар” суғориш тизимининг техник имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тадбирда таъкидланишича, сув ресурсларининг камайиши, иқлим ўзгариши ва ёғингарчиликнинг қисқариши сув тежовчи технологияларни жорий этиш халқаро амалиётда энг самарали йўл сифатида тан олинган.

Мамлакатимизда аграр соҳани рақамлаштириш, сув сарфини аниқ ҳисоблаш ва мелиорация ҳолатини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар фермерлар учун янги имкониятлар яратмоқда.

Муҳокамаларда тижорат банклари томонидан фермер ва кластерларга ажратилаётган имтиёзли кредитлар, лойиҳаларни амалга оширишдаги амалий кўмак ва пудрат ташкилотлари масъулияти ҳам алоҳида кўриб чиқилди.

Таҳлиллар сув тежовчи технологиялар қўлланилган майдонларда ҳосилдорликнинг ўсганини ва сув сарфининг 30–40 фоизгача камайганини кўрсатди.

Семинар якунида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий суғориш технологияларини янада оммалаштириш, фермерлар учун ўқув-тренинглар ташкил этиш ва жойларда техник хизмат сифати ҳамда самарадорлигини ошириш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ғулом Примов, ЎзА