Қарор ва ижро
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Вобкент тумани Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимизнинг 2024 йил 5 январдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилган ишлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда дастлаб депутатлик гуруҳи раҳбари Тўлқин Жўраев сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар якунлари юзасидан ахборот берди.

Кун тартибидаги асосий масала юзасидан туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори Бобир Миржоновнинг ҳисоботи тингланди.
Бутунда Вобкентда сув ресурсларидан фойдаланиш механизмларини тубдан ислоҳ қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Айниқса, аҳоли онгида шаклланган “сув – текин” тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттиришга аҳамият берилмоқда.
Туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси балансида жами 182,43 километр узунликдан иборат хўжаликлараро каналлар мавжуд бўлиб, ушбу каналларда 19 та гидроузеллар жойлашган. Мазкур, гидроузелларда 90 дона гидротехник иншоотлар ва шунча гидропостлар (сув ўлчаш постлари) фаолият кўрсатмоқда.

Жорий 2025 йил ҳосили учун шу кунгача 6661 гектар ғалла майдонларида суғориш ишлари учун истеъмолчиларга ўз вақтида ва сифатли сув етказиб берилди. Бугунги кунда 9210 гектар пахта майдонларида, 4073 гектар аҳоли томарқаларида ҳамда 5737 гектар бошқа экин майдонларида суғориш ишларини амалга ошириш учун ўз вақтида сифатли сув етказиб берилмоқда.
Жорий йилда тумандаги суғориладиган 2781 гектар майдонларда сув тежовчи технологияларни қўллаш режалаштирилган. Шундан, 253 гектар ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш, 580 гектар пахта майдонлари ҳамда 39 гектар боғ майдонлари томчилатиб суғориш, 209 гектар майдонда дискрет суғориш, 70 гектар пахта майдонларида плёнка тўшаб суғориш, 980 гектар пахта майдонларида эгилувчан қувур ёрдамида суғориш, 650 гектар экин ерларини лазерли текислаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
2025 йилнинг охиригача тумандаги хўжалик ички суғориш тармоқларини 99 километр қисми тозаланиши, 52 дона гидротехник иншоот таъмирланиши режалаштирилган. Жорий йилнинг 2 чорагида 31 километр ички суғориш тармоғи тозаланди, 15 дона гидротехник иншоотлар тўлиқ таъмирланиб фойдаланишга топширилди.
Йиғилишда сўз олган маҳаллий кенгаш депутатлари давлатимиз раҳбари қарори ижросини таъминлаш мақсадида гарчи туманда бир қатор ишлар бажарилган бўлса ҳам сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда айрим муаммо ва камчиликлар ҳам борлигини таъкидлади. Жумладан, каналларни талаб даражасида бетонлаштириш, аҳоли томорқа хўжаликларига узлуксиз сув етказиб беришга эришиш, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилиши зарур.
Йиғилишда туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси ишчи-хизматчиларининг моддий манфаатдорлигини ошириш ҳам кун тартибидаги муҳим вазифалардан бири бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.