Долзарб мавзу(рукн)
Сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, унинг ҳар томчисини мақсадли сарфлаш ҳам исрофгарчиликнинг олдини олади, ҳам иқтисодий самарадорликка олиб келади. Сир эмаски, бугун сув танқислиги муаммоси нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда глобал муаммога айланмоқда. Дунё олимларининг фикрларига кўра, сув танқислиги келгуси 10-20 йилликда жуда таҳликали муаммога айланади. Шу боис мамлакатимизда ҳам сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш борасида бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Сув тежовчи технологияларни жорий қилган фермер ва деҳқонларга қулайлик ва имтиёзлар берилмоқда. Буни Қашқадарё вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин.
[gallery-14308]
Тақдим этилган маълумотларга кўра, вилоятда 2013-2023 йилларда 172 минг 673 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Жумладан 38 минг 882 гектар майдонда томчилатиб, 2 минг 274 гектар майдонда ёмғирлатиб, 68 минг 747 гектар майдонда кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш, 23 минг 615 гектар майдонда эгатга плёнка тушаб суғориш, 600 гектар майдонда дискрет суғориш ҳамда 38 минг 554 гектар майдонда ерларни лазерли суғориш технологиялари қўлланилмоқда.
– Йилдан-йилга кутилаётган сув танқислиги шароитида сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиши энг муҳим масаладир, – дейди Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси сув тежовчи технологиялар бўйича бўлим бошлиғи Ҳабибулло Маматов. – Кейинги йилларда ушбу технологияларнинг самарадор эканини деҳқон ва фермерларимиз ҳам англаб етмоқда ва қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўзида вилоятда 28 минг 311 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди.
Вилоятнинг Қарши тумани пахта ва ғалла етиштиришда етакчи ҳудудлардан ҳисобланади. Туман деҳқон ва фермерлари сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш мақсадида экин майдонларида сув тежовчи технологияларни жорий қилишмоқда ва яхшигина самарадорликка эришмоқда.
Маълумотларга кўра, туманда 2 минг 440 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилган.
– Корхонамиз фермерлар билан шартнома асосида вилоят ҳудудида 10 минг гектар майдонда пахта етиштиради, – дейди “Султон Голден текс” МЧЖнинг томчилатиб суғориш бўйича мутахассиси Илҳом Каромов. – Шу майдонларнинг минг гектарига фермерлар билан келишган ҳолда томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинди. Масалан, Қарши тумани Хонобод ҳудудидан бизга 180 гектар ташландиқ ер ажратилди. Шу ерни ўзлаштириб мана биринчи йилда тўлиқ томчилатиб суғориш усулида пахта етиштирдик. Ҳозирги кунга қадар йиғиб олинаётган ҳосил 40 центнердан ошиб кетди. Ҳали далада ҳосил мўл. Маҳаллий корхоналар томонидан етиштирилган томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилганмиз. Сув сарфида 50 фоизгача иқтисодий тежамкорликка эришяпмиз. Вилоятнинг Касби туманида ҳам минг гектарга яқин ҳудудга томчилатиб суғориш ускуналари ўрнатилди. Нишон туманида мана бу йил 80 гектар ерни томчилатиб суғоришга ўтказдек. Фермерларимизнинг ўзи ҳам самарадорликни кўргач, қизиқиш билдиришмоқда ва босқичма-босқич тежамкор технологияларни татбиқ этяпмиз.
Дарҳақиқат, мутахассисларнинг таъкидлашича, анъанавий усулда пахта далаларини суғоришда гектарига 7 минг кубгача сув сарфланса, томчилатиб суғориш усулида 3-3,5 минг куб сув ишлатилади. Минерал ўғитлар сарфи ҳам экиннинг илдизига манзилли етказилишининг ҳисобига 50 фоизгача иқтисод қилинади. Битта ишчининг ўзи 15-20 гектар майдонни бемалол суғора олади.
– Фермер хўжалигимизнинг 36 гектар суғориладиган ер майдони бор, – дейди Қарши туманидаги “Ҳилол чирой фасли” фермер хўжалиги раҳбари Фазилат Қодирова. – Ўтган йилда 20 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилдик. Ускуналарни ўрнатиш ишларида озгина кечикканимиз ҳисобига ўтган йили бироз қийналгандик. Лекин бу йил тўлиқ самарадорликка эришдик. 16 гектар майдонда пахта етиштирдик. Ҳосил биз кутгандан ҳам юқори бўлди.
Айтиш жоизки, туманда нафақат пахта ва ғалла майдонлари, балки интенсив усулда ташкил этилган боғларга ҳам тежамкор суғориш ускуналари ўрнатилмоқда. Масалан, туманнинг Акмал Икромов ҳудудида вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ташаббуси билан 10 гектар майдонда интенсив усулда ташкил этилган бодомзорда ҳам томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинди.
– Бу жойлар илгари қаровсиз ҳолатда эди, – дейди боғбон Дилшод Раҳимқулов. – Обод қилиниб, 10 минг тупдан зиёд пакана бодом кўчатлари экилди ва томчилатиб суғориш усули жорий қилинди. Битта ўзим бир жойда ўтирган ҳолда бутун боғни суғораман Қийинчилик йўқ. Насиб этса, мутахассислар дарахтлар 3 йилда ҳосилга киришини айтган. Аслида бодом кўп сув истеъмол қилмайди. Томчилатиб суғориш усулида эса янада кам сув сарфланар экан.
Албатта, аграр ҳудуд ҳисобланган вилоятда сувдан мақсадли ва тежамкорлик билан фойдаланиш ўзининг самарасини беради. Фермер ва деҳқонларга янада қулайлик яратиш мақсадида вилоятнинг ўзида сув тежамкор технологияларни ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Хусусан, Қарши тумани ҳудудида жойлашган “OMAD START” масъулияти чекланган жамияти айни шу мақсадда ташкил этилган.
8 гектар майдонни эгаллаган корхона йилига 80-100 минг тонна хомашё (гранула)ни қайта ишлаш қувватига эга. Туркия ва Италиядан келтирилган технологиялар билан жиҳозланган корхона сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқариш ва монтаж қилиш, қишлоқ хўжалиги техникаси, ускуналари ва эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланади.
– Дастлабки фаолиятимизни сув тежамкор ускуналарни олиб келиб ўрнатиб беришдан бошлаганмиз, – дейди корхона иш юритувчиси Акмал Ботиров. – Ўтган йили вилоятнинг ўзида заводимиз қурилди ва шу ерда ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бир ойда 15 минг гектарга етадиган маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз. Маҳсулотларимиз нафақат Қашқадарё вилоятига, балки бошқа вилоятларга ҳам етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, Қозоғистон, Тожикистон ва Афғонистон каби давлатлар билан ҳам экспорт шартномаларини имзолаганмиз. Маҳсулотлар пешма-пеш жўнатиляпти.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича республикада етакчи ўринларда турувчи Қашқадарё вилоятида сув тежамкор технологияларнинг жорий қилиниши сувни йирик миқдорда иқтисод қилиш ва орттирилган сув захирасига бошқа ҳудудларда ҳам қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш имконини беради. Бу эса вилоят иқтисодиётининг сезиларли равишда кўтарилишига хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари