22 март – Бутунжаҳон сув куни муносабати билан «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университетида анжуман бўлиб ўтди.
«Сув тинчлик учун» мавзусидаги анжуман Олий Мажлис Сенати, Сув хўжалиги вазирлиги, миллий тадқиқот университети, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) томонидан молиялаштирилган Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси, шунингдек, USAIDнинг сув ресурслари ва заиф муҳит бўйича минтақавий лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилди.


Мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар, янги ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, сувни асраш ва тежаш, халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) томонидан молиялаштирилган Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритилди.


2023 йил якунида Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси доирасида олий ўқув юртларида сув ресурсларини бошқариш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида таҳсил олаётган талабалар ўртасида «Сув текин эмас» танлови ўтказилган ва ғолиблар тақдирланган эди.


Унинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилган «Сув текин эмас-2» видеороликлар танловига 100 га яқин видеоролик келиб тушди. Анжуман доирасида мазкур танловнинг ғолиблари тақдирланди.
ЎзА