Сув тармоқларининг 32 фоизи таъмирга муҳтож
Андижон вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонасининг 2017-2018 йиллар ҳамда жорий йилнинг 9 ойи давомидаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Андижон вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонасининг 2017-2018 йиллар ҳамда жорий йилнинг 9 ойи давомидаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси ва унинг туман, шаҳар тизимларида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
– Вилоятдаги ичимлик сув иншоотларининг лойиҳавий қуввати бир кунга 903 минг кубметрни ташкил этган ҳолда, амалда 627 минг кубметр сарф ёки 69,4 фоиз қувват билан ишламоқда, – дейди Андижон вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари Шуҳратбек Матмусаев. – Умуман, вилоятдаги 3,1 миллиондан зиёд аҳолининг 2,6 миллион нафари ёки 86,2 фоизи ичимлик суви билан таъминланган, қолган 13,8 фоиз аҳоли алтернатив, ёхуд бошқа сув манбааларидан фойдаланади.
Анжуманда кейинги 3 йил ичида аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш борасида жуда катта ҳажмдаги ишлар бажарилгани алоҳида қайд этилди.
2018 йилнинг ўзида турли манбалар ҳисобидан мазкур йўналишдаги ишлар учун 192 миллиард сўм ажратилиб, 305 та сув қудуғи, 1 минг 228 километр сув тармоғи қурилди ва таъмирланди. Бу 2017 йилда бажарилган ишларга нисбатан қарийб 9 баробар кўп .
Инвестиция, “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида, айниқса, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилган ишлар салмоқли бўлди. Жумладан, 134,9 миллиард сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 905 километр сув тармоғи, 241 та қудуқ, 3 та иншоотда қурилиш таъмирлаш ишлари бажарилиб, 62 мингдан ортиқ хонадонда яшовчи 400 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Умуман, амалга оширилган ишлар натижасида вилоят аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланиши 76 фоиздан 86,2 фоизга ортди.
Жорий йилда вилоятда ичимлик сув таъминоти ва оқова хизматларини яхшилаш учун барча манбалар ҳисобидан 198,1 миллиард сўм маблағ ажратилиши ҳисобига 1 та ичимлик сув иншооти, 77 та сув қудуғи, 870,8 километр сув тармоғи қуриш, 103 та сув қудуғи ва 28,2 километр сув тармоғида реконструкция ишларини бажариш, шунингдек, 1 та сув ҳайдаш насос станцияси ҳамда 11,9 километр оқова сув тармоғини тортиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, белгиланган ишлар режа асосида олиб борилмоқда.
Жумладан, 37,3 километр ичимлик сув тармоғи, 1 та ичимлик сув иншооти, 1 та сув қудуғи реконструкция қилиниб, 8,7 километр масофага оқова сув тармоғи ётқизилди. 8 та қурилиш объектида ишлар давом этмоқда.
“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Дастурлар доирасида 48 маҳаллада 45 та сув қудуғи, 293,5 километр сув тармоқларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
Шунингдек, анжуманда аввал ичимлик сув таъминоти масаласи оғир бўлган Марҳамат, Избоскан, Асака туманларининг қатор ҳудудларидаги муаммолар бартараф этилгани, айниқса, Марҳамат туманидаги Янги ҳаёт маҳалласида амалга оширилган ишлар натижасида 40 минг нафар аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуд тўла сув билан таъминлангани қайд этилди.
Мутахассислар томонидан ичимлик суви сифатини назорат қилиш, “Сувоқова” корхонаси моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, сувдан унумли фойдаланиш борасидаги тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш, сифатли хизмат кўрсатиш, ичимлик суви етказиб беришдаги носозликларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам маълумот берилди.
Айниқса, сувдан фойдаланганлик учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш бўйича кўплаб муаммолар юзага келаётгани алоҳида қайд этилди.
– Айни кунда вилоятда ичимлик суви бўйича аҳоли ва хўжалик субъектларининг 14 миллиард сўм қарздорлиги мавжуд, – дейди вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари ўринбосари Бекзодбек Умаров. – Шундан қарийб 13,5 миллиард сўми аҳоли ҳиссасига тўғри келади. Қарздорликни бартараф этиш бўйича Мажбурий ижро бюроси, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар натижасида жорий йил охиригача қарздорлик 60 фоизгача камайтирилиши белгиланган.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.