English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув таъминотини яхшилашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда
11:03 / 2024-02-07

Сўнгги йилларда мамлакатимизда сувдан оқилона фойдаланиш, унинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, сув истеъмолини ҳисобга олишнинг замонавий инновацион тизимларини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилган ҳолда сувдан фойдаланиш, сув таъминоти ва сув чиқариш соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 январда ўтказган селектор йиғилишида жорий йилда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш йўналишида соҳани ривожлантириш бўйича галдаги аниқ вазифалар белгилаб берилди. Аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларга марказлашган ҳолда ичимлик сувини етказиб бериш ҳамда оқова сув хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича ўтган даврда Бухоро вилоятида бир қанча ишлар амалга оширилди.  

Аниқ мисолларга эътибор қаратадиган бўлсак, вилоятда марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги 3 йилда 58 фоиздан 73,2 фоизга, оқова сув хизмати билан таъминланганлик даражаси 10,8 фоиздан 16 фоизга етказилди. Биргина 2023 йилда 98,3 миллиард сўм маблағлар ҳисобидан 28 та объектда, 257 км тармоқлар ва 6 та иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари якунига етказилди. Натижада вилоятдаги 120,7 минг нафарга яқин аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. Шунингдек, 40 минг нафардан ортиқ аҳолининг марказлашган ичимлик суви ва оқова сув хизмати таъминоти яхшиланди. Бу борада Шофиркон туманида бажарилган ишлар кўлами ҳам ниҳоятда кенг.  

–2023 йилда Президентимизнинг қарори билан туманнинг 14 та маҳалла фуқаролар йиғинида тоза ичимлик суви ҳамда битта “Султонобод” сув иншоотини қуриб битказдик, – дейди “Бухоро сув таъминоти” корхонаси  Шофиркон тумани бўлими бошлиғи Зафар Фармонов. – Туманимиз 27 фоиз тоза ичимлик суви билан таъминланган эди. Бугунги кунда бу кўрсаткич 67 фоизни ташкил этмоқда. “Султонобод” сув иншоотимиз 3 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 1100 та хонадонга сув етказиб беради.  2024 йилда туманни тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 67 фоиздан 95 фоизга етказишни режалаштирганмиз.    

Йиллар давомида энг катта муаммо бўлиб келган оби ҳаёт масаласининг ижобий ечим топгани аҳолини ҳам қувонтирмоқда.  

– Шу кунгача тоза ичимлик сувининг етиб келмаганидан маҳалла аҳли қийналарди, – дейди меҳнат фахрийси Содиқ Ҳакимов. – Сувни ариқлардан ёки ташиб олиб келардик. Бугун маҳалламизга тоза ичимлик суви кириб келди. Аҳоли миннатдор. Бу, албатта, халқимизнинг яхши яшаши учун қилинган ишлар самарасидир.  

Президентимиз топшириғи асосида бошланган Осиё инфратузилмавий  инвестициялар банки иштирокидаги қиймати 385,1 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлган  “Бухоро  вилоятининг сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш лойиҳаси” доирасида 2024 йилда белгиланган барча ҳудудларда қурилиш ишларига старт берилди. Эътиборли томони, бундан уч йил муқаддам 20 фоизга ҳам етмаган таъминотнинг жорий йилда 100 фоизга яқинлашганини халқимиз бир мўъжизадек қабул қилмоқда.  

– Ғиждувон туманидаги “Саидкент” маҳалла фуқаролар йиғини 2023 йилда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган, – дейди маҳалла  раиси Нигора Қиёмова. – 4 мингга яқин хонадонга тоза ичимлик суви етказиб берилди. Буни биз орзу қилгандик. Бугун қишлоғимизда барча инфратузилмалар қурилди.      

Албатта, бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Муҳими, борини қадрлаш, уни исроф қилмаслик, сув етиб келгунга қадар бажарилган ишларни тўлақонли англаб етган кекса авлод вакиллари бу борада ўз фаолликларини кўрсатмоқда.  

– Маҳалламизнинг ҳамма хонадонига тоза ичимлик суви кириб борди, – дейди саидкентлик меҳнат фахрийси Насрулло Намозов. – 4-5 йил илгари азоб билан сув олиб келинарди. Сувлар сифатсиз эди. Бугун тоза ичимлик суви уйимизнинг ичида. Бунинг қадрига етишимиз керак.  

“Бухоро сув таъминоти” акционерлик жамияти  таркибидаги Марказий лаборатория бўлими ҳам аҳолига етказиб берилаётган ичимлик суви таркибини кимёвий ва бактериологик усулда аниқлаш, уни зарарсизлантириб бериш, ичимлик ва оқова сувлар иншоотларининг технологик жараёнларини назорат қилиб боришда муҳим роль ўйнамоқда.

Айниқса, марказий  аналитик назорат қилиш лабораторияси сув таркибидаги 21 хил, оқова сувлари таркибидаги 17 хилдан ортиқ кўрсаткичларни аниқлаш имконига эга. Бу ҳам аҳолига сифатли ичимлик суви етказиб беришда мустаҳкам асос вазифасини ўтамоқда.  

Шунингдек, “Шохруд” сув тўплаш, узатиш иншоотида тўлиқ реконструкция ишлари бажарилганидан сўнг Испаниянинг энг илғор технологиялари келтириб ўрнатилган эди. Бунинг натижасида аҳолига сифатли сув етказиб бериш имкониятлари янада кенгайди. Ҳозир марказда электролиз усули билан хлор ишлаб чиқарилиб, сувни зарарсизлантириш учун ишлатилмоқда. Бу усул  анча арзон, тежамли ва инсон саломатлиги учун зарарсиздир.  

Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган  жорий йил 29 январдаги видеоселектор йиғилишида ҳудудларда тоза ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш борасида сўз борар экан, аввало тизимда давлат– хусусий шерикчилик асосида ишларни ташкил қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада тажриба- синов тариқасида Когон шаҳрида ҳам дастлабки жараёнларни бошлаш бўйича мутасаддиларга  тегишли топшириқлар берилди.  

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),

ЎзА мухбирлари