2025 йилда Ўзбекистонда ичимлик ва оқова сув таъминоти соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат дастурлари доирасида республика бўйлаб минглаб километр сув тармоқлари қурилди, йирик сув иншоотлари реконструкция қилинди, соҳани рақамлаштириш орқали хизматлар сифатини оширишга қаратилган янги ечимлар жорий этилди. Бу орқали миллионлаб аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи таъминланди. Эришилган натижалар ва келгуси режалар ҳақида ЎзА мухбири “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раисининг рақамлаштириш бўйича маслаҳатчиси Юнусхон Ёқубхонов билан суҳбатлашди.
– Юнусхон Ёқубхонов, жорий йилда ичимлик ва оқова сув соҳасида қандай асосий ишлар амалга оширилди?
– 2025 йилда соҳада инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Январь-ноябрь ойларида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида ажратилган 2,35 триллион сўм маблағдан 2,038 триллион сўми ўзлаштирилди. Натижада республика бўйлаб 1 077 километр ичимлик ва 334 километр оқова сув тармоқлари барпо этилди, 98 та ичимлик ҳамда 29 та оқова сув иншооти фойдаланишга топширилди. Бу ишлар миллионлаб аҳолининг сув таъминотини барқарорлаштириш имконини берди.
– Йирик лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз?
– Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги сув тозалаш иншооти тўлиқ реконструкция қилиниб, унинг қуввати кунига 95 минг куб метрга етказилди. Бу 77 та маҳаллада яшовчи 350 минг аҳолини доимий ичимлик суви билан таъминлаб, шаҳарнинг сув билан таъминланиш қамровини 100 фоизга чиқарди.
Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида Марказий Осиёда ягона бўлган “галерея” типидаги, суткасига 100 минг куб метр қувватга эга сув олиш иншооти барпо этилди. У Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларининг айрим ҳудудларини электр энергиясисиз сув билан таъминлаб, йилига 12,4 миллион кВт/соат энергия ва 12,4 миллиард сўм маблағни тежаш имконини бермоқда.
– Сурхондарё вилоятида ҳам қатор ишлар бажарилгани маълум.
– Ҳа, “Тўпаланг сув омбори” лойиҳаси доирасида 125 километр магистрал ва 14,2 километр ички тармоқлар қурилди. Шу билан бирга, 2 та сув тақсимлаш иншооти ва 1 та насос станцияси фойдаланишга топширилди. Натижада 364 минг аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
– Жорий йилда соҳада қандай янгича ёндашувлар қўлланилди?
– Илк бор ичимлик суви тармоқларида “мавсумий тайёргарлик” амалиёти жорий этилди. 45 та тиндиргич, 1 601 та резервуар ва 6 018 та сув минораси тозаланди, 724 та насос ва 2 174 километр тармоқ таъмирланди. Иншоотларга 964 та энергия тежамкор насос ҳамда 173 та сув ҳисоблагич ўрнатилди. Бу орқали тизимдаги носозликлар сони ўтган йилга нисбатан 10 фоизга камайди.
– Рақамлаштириш йўналишида қандай натижаларга эришилди?
– Истеъмолчилар базаси 153,1 мингтага кўпайиб, 5,2 миллионга етди. Ҳисоблагичлар билан қамров даражаси 85 фоизга чиқарилди. Тўловлар ҳажми 873 миллиард сўмга оширилиб, онлайн тўловлар тўлиқ жорий этилди. Қарздорлик миқдори эса 705,4 миллиард сўмгача қисқартирилди. Шунингдек, “Сув диспетчер” ахборот тизими орқали авария-тиклаш гуруҳлари фаолияти реал вақт режимида назорат қилинмоқда ва мурожаатлар тўлиқ электрон шаклда қабул қилинади.
– Яқин келажакдаги асосий режалар қандай?
– Йил якунига қадар республика аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 82,8 фоизга етказиш режалаштирилган. 2026 йилда эса 310 минг аҳолини илк бор тоза сув билан таъминлаш, 2,4 миллион аҳолининг сув таъминотини яхшилаш ва умумий қамровни 83,5 фоизга чиқаришни мақсад қилганмиз.
ЎзА мухбири Нилуфар Бозорова суҳбатлашди.