Президентимизнинг 2017 йил 17 октябрдаги тегишли фармойишига мувофиқ Оҳангарон туманида “Тоштепа” сув омбори қурилиши лойиҳаси ишлаб чиқилиб, “UzGIP” МЧЖ томонидан тайёрланган лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китоби 2019 йилда давлат экспертизасидан ижобий хулоса олинган.
Лойиҳага кўра, сув омбори ҳажми 11,2 миллион куб метр, тўғон узунлиги 636 метр, баландлиги 46 метргача бўлиб, умумий қиймати 122,65 миллиард сўмни ташкил этади. Мазкур лойиҳа ишга туширилгандан сўнг 4 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланади. Хусусан, ҳудуд атрофидан янги ерларни ўзлаштириш ва асосан резавор мевалар, сабзавот ва кўкатларни етиштириш бўйича янги режалар ишлаб чиқиш, замонавий иссиқхоналар ташкил қилиш бўйича таклифлар ўртага ташлан.

Бу жойлардаги тупроқ ва иқлим шароитлари экинларнинг самарали ўсиши учун қулай бўлиб, йил давомида ҳосил олиш имконини беради. Шу билан бирга, сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш учун аниқ механизмлар ишлаб чиқилади. Айни пайтда мазкур ташаббусни хитойлик инвесторлар амалга оширишга киришган.

Шу муносабати билан яқинда хорижлик инвесторлар билан Сув хўжалиги вазирлиги масъул вакили, Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбарияти ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
А.Мусаев, ЎзА.