Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув таъминоти ва оқова сув тизимларида шаффофлик, назорат ва масъулият
18:44 / 2025-08-15

Бугунги кунда глобал аҳамиятга эга бўлган табиий бойликлар орасида сув алоҳида ўрин эгаллайди. У нафақат инсон ҳаёти, балки иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, саноат, энергетика ва атроф-муҳит мувозанатини сақлашда ҳам ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Шу боис, сув таъминоти ва оқова тизимлари ҳар бир мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга соҳалардан бирига айланмоқда.

Хўш, Хоразмда сув таъминоти ва оқова тизимларида қандай ислоҳотлар амалга оширилмоқда?

Хоразм вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг ўринбосари Комилжон Шомуротов вилоятда сув таъминоти ва оқова сув тизимларидаги ислоҳотлар тўғрисида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:  

Истеъмолчилик юқори шиддат билан ривожланиб бораётган замонавий дунёда ичимлик сувига эҳтиёж шу даражада ортяптики, сув захираларини тўлдириб бориш имкони қолмаяпти.  

Сув камайиб кетяпти. БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда ер юзи аҳолисининг 2,5 миллиарди тоза ичимлик суви танқислигидан азият чекмоқда. Агар ичимлик сувини  асраш масаласига жиддий эътибор қаратилмаса, муаммоларга ечим топилмаса, 20–25 йилдан кейин дунёдаги ҳар икки кишидан бирининг шу муаммога дуч келиши мумкинлиги ҳақида олимларнинг башоратлари бор.

Юқоридаги фактлардан келиб чиқсак, сувдан оқилона фойдаланиш, уни истроф қилмаслик масаласи нақадар муҳим ва жиддий эканини тушуниш мумкин. Инсониятнинг келажаги, яшаб қолиши бугунги авлоднинг сувга муносабатига боғлиқ бўлиб турибди.

Сув танқислиги масаласи юртимизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Ўзбекистонда 2040 йилга келиб Амударё ва Сирдарёнинг сувлари камайиши оқибатида 33 фоизгача сув танқислиги муаммоси юзага келиши тахмин қилинмоқда. Бу узоқ  муддатдан кейин келадиган хавф эмас, бугунги кунимизда рўй беришни бошлаган жараёндир.

[gallery-24791]

Аслида вазиятнинг ўзгариши кўп жиҳатдан ўз қўлимизда. Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қатор қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Шунингдек, муаммони бартараф этиш учун зарур чора-тадбирлар қўлланмоқда. Хусусан, 2022 йил 22 июлда “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Қонунлар, ҳужжатлар орқали сув ҳимояланган, ундан оқилона фойдаланиш рағбатлантирилган ва таъминланган бўлишига қарамай, амалда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп.

Фақат юқоридан туриб амалга ошириладиган ишлар билан муаммони ечиб бўлмайди. Ҳар бир фуқаро сув нақадар бебаҳо, қадрли ва тикланмас неъмат эканлиги англаши зарур. Афсуски, бу борада аҳвол яхши эмас.

Ҳаётий бир ҳолат. Истироҳат боғида крандан сув оқиб ётибди. Ҳеч ким эътибор бермайди, онда-сонда кимдир чанқоғини қондиради. Сув эса бекор оқаверади. Шу оқишда 1 дақиқада – 15 литр, 10 дақиқада – 150 литр, 1 соатда – 900 литр, 1 суткада– 21 минг 600 литр сув беҳуда оқиб кетади. Бу қарийб 11 минг кишининг бир кунлик сув ичиш нормаси ёки эҳтиёжидир. Фактлар ва шароит кўзини очмаган инсонни қонунлар билан тарбиялашдан ўзга чора йўқ.

Сув табиий бойлик сифатида Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳимоясига олинган. Ундан оқилона фойдаланмаслик, исроф қилиш, ифлослантириш, ноқонуний йўллар билан сув ресурсларидан фойдаланиш ва бошқа ҳолатларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунининг қатор бандларини қўллаган ҳолда жавобгарлик белгиланган. Хусусан, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Сув таъминоти тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳамда водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, ер ишлари ва бошқа ишларни бажараётганда водопровод тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, башарти бу  шикастланишга сабаб бўлса ёхуд совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш  фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса  ўн беш бараваридан йигирма бешбараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Хоразм вилоятида аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси сўнгги йилларда шиддат билан кўтарилиб, 91,6 фоизни ташкил этмоқда. Жами 531 та маҳалланинг 335 таси тўлиқ, 191 таси қисман ичимлик суви билан таъминланган, 5 та маҳаллада аҳоли муқобил манбалардан фойдаланмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида ҳудудий инспекциямиз томонидан ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматларидан фойдаланишни назорат қилиш йўналиши бўйича муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан, январь-июнь ойлари якуни бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан ҳамкорликда истеъмолчиларга етказиб берилаётган ичимлик суви сифатини ўрганиш бўйича 1 минг 27 та таҳлил намуналари олиниб, 257 та бюджет ташкилотларидан  35 тасида ичимлик сув таъминоти, оқова сув чиқариш хизматлари кўрсатиш ва улардан фойдаланиш қоидаларига амал қилинмаган ҳолатлар аниқланди.  Вилоят бўйича 67 та МФЙларда шартномавий муносабатларни йўлга қўйиш бўйича ўрганишлар ўтказилиб, 1 минг 204 нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.  

Вилоятимизнинг барча ҳудудларида ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, аҳолининг соҳа бўйича ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда, жамоат жойларидаги ташқи реклама конструкцияларида мингга яқин тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Шунингдек, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш хизматларидан фойдаланишда жами 235 та ноқонуний ҳолат ва ҳисоблагич кўрсаткичини ўзгартириш ёки назорат тамғаларига шикаст етказиш бўйича 25 та ҳолат аниқланди. Натижада қоидабузарлардан сув таъминоти ташкилотларига 333  миллион сўмлик қўшимча тўловлар ҳисобланди. Шунингдек, 323 та ҳолат бўйича умумий миқдори 947,6 миллион сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди.

Кўриб турганингиздек, сув масаласи бугун ҳар доимгидан ҳам долзарброқ ҳолатга келган, муаммо янада ўткирлашмоқда. Сув ҳақида эртага эмас, ҳозир, шу онда ўйлашимиз керак. Ишни ичимлик суви нархи қиммат дея нолишдан эмас, носоз жўмрагингизни тузатишдан бошланг. Зеро, фарзандлар, авлодларга биздан саҳролар эмас, ям-яшил боғлар, қуриётган далалар эмас, гуркираб турган чаманзорлар қолиши, тоза сув қолиши керак.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлар