Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув таъминоти оғир маҳаллаларда катта қудуқ қазиш харажатлари учун ажратиладиган субсидия миқдори 150 миллион сўмгача оширилади
17:49 / 2022-07-18

Президент раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида аҳоли томорқасида бир йилда 2-3 марта ҳосил олиш имконини берадиган тизим яратиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳозирда 64 та тумандаги аҳоли томорқасида 3 марта ҳосил олиб, битта оила ўртача 60-100 миллион сўмгача даромад қилаётгани таъкидланди. Лекин 22 та туманда томорқадан фойдаланиш самарадорлиги паст.

Бу борада Бекобод тумани Маллабой маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси йўлга қўйган ижобий тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.

–Мана, Бекободдай оғир туманда ҳоким ёрдамчиси қилаётган ишларни эшитдик. Ҳамма ҳоким ёрдамчиларига топшириғим бор. Ажратилаётган экин ерларида ишсиз аҳолини деҳқончиликка ўргатиш орқали даромадли қилиш – сизларнинг энг устувор вазифангиздир. Ҳар бир гектарда 10-15 ишсизни банд қилиб, 3 марта ҳосил олиш, уруғ, ўғит, ёқилғи ва маҳсулот сотиб олишни йўлга қўйсангиз, биласизларми, эл-юрт олдида қандай ҳурмат-эътибор топасизлар,– деди Президент.

Қорақалпоғистонлик ва қашқадарёлик томорқа эгалари таклифларидан келиб чиқиб, сув таъминоти оғир маҳаллаларда катта қудуқ қазиш харажатлари учун ажратиладиган субсидия миқдори 150 миллион сўмгача оширилади.

Кичик қудуқлар учун Қорақалпоғистонда 5 метрдан, қолган ҳудудларда 10 метрдан ортиқ чуқурликнинг ҳар бир метрига 100 минг сўмдан субсидия берилади.

Қудуқ қазишга гидрогеологик хулосалар 2025 йилга қадар бепул берилади.

Сув тежовчи технологиялар жорий этиш бўйича бериладиган субсидиялар деҳқон хўжаликлари учун ҳам татбиқ этилади.

Бунга, жорий йилда қўшимча 65 миллиард сўм йўналтирилади.

Ушбу имкониятлардан фойдаланиб, йил якунигача 400 та маҳаллада қудуқларни ишга тушириш ва 19 минг оила томорқасида сув таъминотини яхшилаш топширилди.

Умуман, бугунги вазифаларни ташкил этиш орқали 2 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш ҳисоб-китоб қилингани таъкидланди.

ЎзА