Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув таъминоти оғир маҳаллалар босқичма-босқич ичимлик суви билан таъминланади
15:28 / 2022-05-31

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан Президентимизнинг жорий йилнинг 24 майдаги “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда ушбу ҳужжатга асосан, республикадаги ичимлик суви таъминоти оғир ҳолатдаги 1 минг 545 маҳалла (шундан 2022 йилда 140 та) ичимлик сув билан таъминланиши қайд этилди. Бунинг учун маҳаллий бюджетлардан жами 444,6 миллиард сўм, шу жумладан жорий йилда 106,3 миллиард сўм маблағ ажратилади. Мазкур ажратилган маблағга, 1 минг 691 та мактаб, 885 та мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 377 та тиббиёт муассасалари ичимлик суви билан таъминланади. 

[gallery-7359]

Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун жорий йилда жами 50 миллиард сўм, 2023 йилдан ҳар йили республика ва маҳаллий бюджетлардан тенг улушларда 50 миллиард сўмдан, жами 100 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган. 

Матбуот анжуманида 2022–2024 йилларда республика бўйича 2 минг 660 та маҳаллада ичимлик суви тармоқлари уй хўжалигигача етказилиши қайд этилди. Бунинг учун “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан 180 миллиард сўм маблағ ажратилади. 

Шунингдек, қарорга кўра аввалги йилларда қурилиш-монтаж ишлари якунланмаган ёки фойдаланишга топширилмаган ичимлик ва оқова сув объектлари (17 та) тўлиқ фойдаланишга топширилади. 

Матбуот анжуманида 2023 йил 1 январидан аҳолига қиёслаш муддати тугаган сув ҳисоблагичларни янгисига алмаштириш “Ўзсувтаъминот” АЖ ва ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши қайд этилди. 

Шу билан бирга республика ҳудудига техник талабларга жавоб бермайдиган сув ҳисоблагичларни ва уларнинг қўшимча воситаларини олиб кириш ҳамда ўрнатиш тақиқланиши қайд этилди. 

Ичимлик суви таъминоти объектлари фойдаланишга тайёр ҳолда топширилган тақдирда (ўлчов ускуналари ўрнатилиб, ичимлик сув уй хўжалигигача етказилган тақдирда) аҳолининг ихтиёрига кўра, давлат хизматлари марказлари орқали ёки “Ўзсувтаъминот” АЖ билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга ва ўлчов ускуналарини тамғалашга рухсат берилади. 

2023 йил 1 январидан юридик шахс ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи истеъмолчилар томонидан ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши талаб этилади. 

Матбуот анжуманида “Ўзсувтаъминот” АЖ қошида Совуқ ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ҳамда ўрнатиш бўйича метрология хизматини ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилиши қайд этилди. 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА