English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сув таъминоти – барқарор ҳосил кафолати
12:12 / 2026-02-13

Дунё миқёсида сув тақчиллиги глобал муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Иқлим ўзгариши оқибатида сўнгги уч йилда сув ресурслари 27 фоизга камайгани бу таҳдидни янада жиддийлаштирмоқда. Бу ҳолат сувга боғлиқ ирригация тизими ва суғориладиган ер майдонлари барқарорлигини таъминлашда ўзининг сезиларли таъсирини кўрсатмоқда.

Боёвут туманида аҳоли ва қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларини қондиришдаги энг муҳим вазифа – суғориладиган ер майдонларини мунтазам ва барқарор равишда сув билан таъминлашдир. Ҳудуддаги 36,2 минг гектардан ортиқ суғориладиган ер майдони ва 744 километрдан ортиқ суғориш тармоқлари бу вазифанинг миқёси ва аҳамиятини кўрсатади. Шу боис сув ресурсларини самарали тақсимлаш, инфратузилмани мустаҳкамлаш ва замонавий технологияларни жорий қилиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

2025 йил давомида Бу мақсадда бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди. Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Боёвут тумани “Сув етказиб бериш хизмати” муассасаси балансида бўлган 50 километр канал бетонлаштирилди. Шунингдек, туман ҳокими ташаббуси билан кластер ва фермер хўжаликлари томонидан қўшимча равишда 210 километр ички суғориш тармоқлари бетонланди ва 25 километр канал тозаланди. Бу чоралар сув оқими ва унинг йўналиши устидан самарали назорат ўрнатишга, шу билан бирга ер майдонларини мунтазам сув билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

–    Сув таъминоти тизимида замонавий технологияларни жорий қилишда ҳам сезиларли натижалар қайд этилди,  –    дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Боёвут тумани “Сув етказиб бериш хизмати” муассасаси раҳбари Сардор Нуриддинов.  –   Суғориш тармоқларидаги 20 та сув ўлчаш постига “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилди ва уларнинг умумий сони 80 тага етказилди. Бу сув сарфини назорат қилиш, оқимларни оптималлаштириш ва ҳар гектар ерга керакли миқдорда сув етказиб бериш имконини бермоқда. Шунингдек, 2025 йил давомида 123 та гидротехник иншоот ва 75 та гидропостда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Айни пайтда 1-Боёвут ҳудудини сув билан таъминловчи Ўнг тармоқ 1-каналининг 12 километрлик қисми ҳамда Ғаллакор ҳудудидаги Ўнг тармоқ 2-каналининг 11 километрлик қисмида бетонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

Сувни тежовчи замонавий технологияларни жорий қилиш ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб, бу йўналишда ҳам сезиларли натижалар қайд этилди. Туманда 5 093 гектар майдонда томчилатиб суғориш, 333 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиялари қўлланилган. Фақатгина 2025 йил давомида 1 667 гектар майдонда томчилатиб суғориш ва 205 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш ишлари амалга оширилди. Бу тадбирлар сув сарфини сезиларли даражада қисқартириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалиги ҳосилини барқарор таъминлаш имконини бермоқда.

–   Шу билан бирга, экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида “Яшил макон” миллий дастури доирасида каналлар атрофида 30 мингдан ортиқ манзарали ва мевали кўчатлар экилди. Бу нафақат ҳудуднинг кўринишини эстетик жиҳатдан яхшилаш, балки табиатни муҳофаза қилиш, ер майдонини ҳимоя қилиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилмоқда,  –   дейди Сардор Нуриддинов.

Умуман олганда, 2025 йил давомида Боёвут туманида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва суғориш тизимларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар муҳим ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлди. Мавжуд лойиҳаларни давом эттириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва сувни тежаш чораларини мустаҳкамлаш орқали туман қишлоқ хўжалиги барқарорлигини таъминламоқда. Бу эса нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки аҳоли даромади ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири