Бугунги кунда мамлакатимизда рақамли технологиялар ёрдамида мавжуд сув ресурслари ва электр энергияси ҳисоби юритилишини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, соҳани барқарор ривожлантириш мақсадида кўплаб имкониятлар яратилмоқда.
Президентимизнинг 2025 йил 13 октябрдаги “Сув соҳасини рақамлаштириш жараёнини янада жадаллаштириш ва барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазкур фаолиятда мухим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Тошкент давлат юридик университети Киберҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси Ғайрат Эшбоев бу борада қуйидаги фикрларни билдирди.
–Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони мамлакат сув хўжалиги тизимини тубдан ислоҳ этиш, рақамли технологияларни кенг жорий қилиш ва барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида қабул қилинган муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. У 2025 йил 15 октябрдан кучга кирган бўлиб, унда сув ресурсларидан фойдаланишни ҳисобга олиш, назорат қилиш ва самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Бу фармон 2024 йил 7 майдаги ПФ-74-сонли фармон билан белгиланган вазифаларни чуқурлаштириш ва янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади.
Фармоннинг асосий мақсади сув хўжалигида рақамли технологияларни жорий этиш орқали сув ресурсларини тежамкор ва самарали бошқариш тизимини шакллантиришдан иборат. Унда республика миқёсида сув ҳисобини тўлиқ юритиш, маълумотлар базасини рақамли шаклга ўтказиш ҳамда сув истеъмолчилари ҳақида маълумотларни электрон тарзда шакллантириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, суғориладиган ерлар ҳақидаги маълумотлар ҳам электрон тизим орқали назорат қилинади. Бу мақсадлар сувдан фойдаланиш жараёнида инсон омилини қисқартириш, аниқ ҳисобот юритиш ва маълумотларнинг автоматик тарзда йиғилишига замин яратади. Бу эса, ўз навбатида, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва улардан барқарор фойдаланиш имконини беради.
Фармонда белгиланган энг муҳим ислоҳотлардан бири «Сув ҳисоби» ахборот тизимининг жорий қилиниши бўлиб, у сув етказиб берувчи ва фойдаланувчи ўртасидаги электрон далолатномаларни шакллантиришни назарда тутади. Агар фойдаланувчи белгиланган муддатда эътироз билдирмаса, далолатнома автоматик равишда тасдиқланган деб ҳисобланади. Бу ҳолат маъмурий жараёнларни тезлаштиради, аммо фойдаланувчилар ҳуқуқларини таъминлаш нуқтаи назаридан қонунчиликда қўшимча кафолатлар жорий этиш заруратини туғдиради. Шунингдек, сув сарфини аниқ ўлчаш имкони бўлмаган ҳолларда, сарф миқдори сунъий йўлдош кузатувлари ва “Рақамли қишлоқ хўжалиги” платформаси орқали ҳисобланиши белгилаб қўйилган. Бу ахборотларнинг ишончлилигини таъминлаш учун жамоатчилик назорати ва маълумотларни очиқликда тақдим этишда муҳим аҳамиятга эга.
Фармонга кўра, икки муҳим давлат муассасаси ташкил этилди: Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази ҳамда Сув соҳасида барқарор ривожланиш маркази. Биринчи марказ рақамлаштириш, ахборот тизимларини жорий этиш ва мониторинг ишларини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Иккинчи марказ эса сув соҳасида илмий-тадқиқот фаолияти, стратегия ишлаб чиқиш ва барқарор ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланади. Бу марказларга давлат бюджети маблағлари билан бир қаторда грантлар, ҳомийлик маблағлари ва бошқа қонуний манбалардан молиялаштириш ҳуқуқи берилган. Бу эса соҳада инновацион лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини кенгайтиради.
Бундан ташқари, «Сув ҳолати маркази», "Smart Water", "Tomchi Yer", "Nasos stansiyalari" каби рақамли тизимларни ягона рақамли сув хўжалиги ахборот тизимига бирлаштириш белгиланган.
Бу тизимлар сув ресурсларидан фойдаланиш, насос станцияларининг ишлаш ҳолати, суғориш жараёнлари ҳақида аниқ ва тезкор маълумотларни йиғиш имконини беради. Фармонда давлат сув кадастрини яратиш ва уни ягона ахборот тизимига интеграция қилиш вазифаси белгиланган.
Бунинг учун 2026 йил 1 апрелига қадар Сув хўжалиги вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Геология ва метеорология хизмати агентликлари ҳамкорликда маълумотлар базасини шакллантириши керак. Шунингдек, насос станцияларида электр энергияси ҳисобини автоматлаштириш ва маълумотларни "Nasos stansiyalari" тизимига улаш бўйича аниқ муддатлар белгиланган. Бу ислоҳот сув ресурслари, ер ости сувлари ва суғориш суви ҳақидаги маълумотларни ягона платформада жамлашни таъминлайди. Бу эса давлат органлари ўртасида маълумот алмашинувини осонлаштиради ҳамда ресурсларни бошқаришда шаффофликни кучайтиради.
2026 йил учун давлат бюджети ҳисобидан сув соҳасини рақамлаштириш ишларига камида 50 миллиард сўм ажратилиши белгиланган. Шу билан бирга, марказлар фаолиятини молиялаштиришда бюджетдан ташқари манбалар, грантлар ва хомийлик маблағларидан фойдаланиш имконияти ҳам назарда тутилган. Бу моддий асос соҳадаги рақамлаштириш жараёнларини узлуксиз давом эттириш ва илмий-амалий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш имконини беради.
Фармон сув соҳасидаги давлат бошқарувини рақамли асосда қайта қуришга қаратилган илғор ислоҳотдир. У сувдан фойдаланиш ҳисоботини автоматлаштириш, маълумотлар интеграциясини таъминлаш ва давлат идоралари ўртасидаги ахборот оқимини бирлаштириш орқали самарадорликка эришишни кўзлайди. Бироқ, амалиётда бир қатор муаммолар юзага чиқиши мумкин. Биринчидан, маълумотлар сифатини таъминлаш ва турли тизимлар ўртасида мувофиқликни сақлаш техник қийинчилик туғдиради. Иккинчидан, электрон далолатнома тизимида фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, кичик фермерлар учун муҳим масала ҳисобланади. Учинчидан, янги марказларнинг самарали ишлаши кадрлар салоҳияти ва маблағларнинг ўз вақтида ажратилишига боғлиқ.
Хулоса қилиб айтганда, фармон Ўзбекистонда сув хўжалигини рақамлаштириш ва барқарор ривожлантириш соҳасида янги босқични бошлаб берди. У сув ресурсларини ҳисобга олишни тўлиқ рақамлаштириш, давлат сув кадастрини яратиш, ахборот тизимларини интеграция қилиш ва махсус марказлар ташкил этиш орқали соҳадаги ҳуқуқий ва институционал ислоҳотларни чуқурлаштирди. Фармоннинг амалиётга жорий этилиши натижасида мамлакатда сув ресурсларини бошқаришда шаффофлик, ҳисобдорлик ва самарадорлик ошади.
Шу билан бирга, унинг муваффақияти сув ҳисобини автоматлаштириш, маълумотларнинг ишончлилиги ва фойдаланувчиларнинг ҳуқуқий ҳимояси қанчалик таъминланишига боғлиқ бўлади.
Гулноза Бобоева, ЎзА